Ўзбошимчалик қимматга тушди

     Дунё тарихига назар соладиган бўлсак, ҳар қандай давлат ва даврда ер ресурслари энг бебаҳо неъмат, ундан тежаб-тергаб фойдаланиш эса фуқаролик мажбурияти этиб белгиланганига гувоҳ бўламиз. Аслида ҳам шундай.  Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, барча тоифадаги ер ресурслари давлат мулки, уни тасарруф этиш фақатгина давлат бошқаруви идоралари зиммасига юклатилган.

  Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 90-моддасига асосан, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Жумладан, “Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ерларни яроқсиз ҳолга келтириш, уларни кимёвий ва радиоактив моддалар, ишлаб чиқариш чиқиндилари ва оқава сувлар билан ифлослантириш, ерларнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган объектларни жойлаштириш” сингари ҳолатлар содир этилганда айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

   Инспекция органлари томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан унумли ва самарали фойдаланиш, қонунбузилиши ҳолатларига барҳам берилиши юзасидан семинар-тренинглар, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари тизимли асосда ўтказилмоқда.

    Аммо, кўрилаётган чораларга қарамасдан, қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда фуқаролар томонидан ер ресурсларидан қонунга зид тарзда фойдаланиш, ўзбошимчалик билан ўзлаштириш сингари ҳолатлар учраб турибди.     Мазкур ноқонуний ҳатти-харакатлар сабабли ернинг унумдор қатламига жиддий зарар етказилаётгани ҳам сир эмас.

     Инспекциянинг Тойлоқ туман бўлими ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ижроси юзасидан ўтказилган моторинг-таҳлил тадбирлари давомида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Жумладан, Тойлоқ тумани Хўжаюз маҳалласида истиқомат қилувчи уч нафар фуқаро ҳеч қандай ҳужжатсиз, “Боғизоғон” агросаноат фирмаси ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган “Мусохон Зиёхон” фермер хўжалигига ижарага берилган 1090-рақамли дала контуридаги  суғориладиган ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний равишда уй-жой қуриб олган. Ерни қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқариши оқибатида давлатга жами 43 млн 358 минг 773 сўм зарар етказганлиги маълум бўлди.

    Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Инспекциянинг Тойлоқ туман бўлими томонидан фуқаролик судига даъво аризаси киритилди.

    Мазкур ҳолат юзасидан Тойлоқ туманлараро фуқаролик судида даъвогар ҳамда жавобгарлар иштирокида суд жараёни бўлиб ўтди. Унда суднинг ҳал қилув қарори қабул қилиниб, жавобгарлар ҳисобидан давлат фойдасига  43 млн 358 минг 773 сўм миқдордаги етказилган зарар ва давлат божи ундирилиши белгиланди.

 

Фурқат  Умиров, 

Ўзагроинспекциянинг Тойлоқ туман

                                                                                                                                                                                                                                                                                     бўлими бошлиғи ўринбосари.                        

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди