Нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 12 июндаги

444-сон қарори билан тасдиқланган

 

Нефть маҳсулотларини сотиш фаолиятини лицензиялаш

(нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш

шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали

сотишдан ташқари) тўғрисида

НИЗОМ

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1. Ушбу Низом нефть маҳсулотларини сотиш бўйича (нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотишдан ташқари) фаолиятни лицензиялаш тартибини белгилайди.

 

2. Автобензин, авиабензин, экстрабензин, дизель ёқилғиси, авиакеросин, мазут, печь ёқилғиси, нефть битуми, шунингдек, техник мойлар ва мойлаш материалларини сотиш бўйича фаолият лицензияланиши керак, уларнинг заводда идишга қадоқланганлари бундан мустасно.

 

3. Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолият фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

 

4. Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензиялар берилади.

Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия умуман фаолият турига ёхуд унинг бир қисмига берилиши мумкин.

 

5. Лицензияларни бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар "Ўздавнефтгазинспекция"нинг Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш (нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотишдан ташқари) комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) томонидан қабул қилинади.

 

6. Комиссия фаолияти Комиссия томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ ташкил этилади.