ОТМга кириш тавсияномаси учун хотин-қизлардан аризалар қабули бошланди. Туманимизда нечта квота ажратилган?

    Кейинги 3-4 йил ичида мамлакатимизда ёшларнинг олий таълим олишлари учун кенг имкониятлар яратилимқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2020/2021-ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2020/2021-ўқув йили қабулидан бошлаб Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан бериладиган тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча тўрт фоизли давлат гранти ажратилиши белгиланди.

   -Бугунги кунга қадар мазкур тавсияномани олиш учун 38 та ариза келиб тушди, - дейди Тойлоқ туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Мартаба Қуватова. - Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги 402-сонли қарори меъзонларига тўғри келмаган 7 та ҳужжатлар қайтарилди ва бу бора уларга тушунчалар берилмоқда.  Ҳужжатлари қайтарилган хотин-қизларнинг кўпчилиги 30 ёшдан ошган, 2-3 нафар фарзандли оналарни ташкил этмоқда. Уларга оила, фарзанд тарбияси ва кундузги ўқишни баравар олиб бориш қийинлигини, шу билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг 402-сонли қарори меъзонларини тушунтирганимиздан сўнг, улар ўз ихтиёрлари билан ҳужжатларини қайтариб олишмоқда.

  Шу ўринда яна бир нарсани таъкидламоқчиман, қарорнинг мазмун-моҳиятини тўғри тушуниб етмаган айрим фуқаролар ўқишга кириш учун бериладиган тавсияномани биздан талаб қилишмоқда. Қабул қилиб олинаётган аризалар умумлаштирилган ҳолда вилоят ишчи гуруҳ штаби орқали Республика ишчи гуруҳига юборилади.Тавсиянома бериш тўғрисидаги сўнгги қарор Республика ишчи гуруҳи хулосалари асосида берилади.

   Маълумот ўрнида, Тойлоқ туманига 6 та квота ажратилганлиги айтилмоқда.

  Грант кимларга берилади?

  Грантга даъвогарлик қилиши мумкин бўлган хотин-қизлар қатлами анчагина кенг:

  • кам таъминланган оиладан чиққан хотин-қизлар;
  • тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар;
  • 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизлари;
  • шахсий уй-жойи йўқ, ижарада яшаётган оилалар;
  • ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар;
  • ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизлар;
  • олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси республиканинг ўртача кўрсаткичларидан икки ёки ундан ортиқ марта паст бўлган туманлар, шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи оилалардаги қиз фарзандлар (ўз ҳудудида 3 йил ишлаш шарти билан – қайси туманлар экани ҳақида қуйида батафсил).

    Қандай ҳужжатлар талаб этилади?

   Юқоридаги тоифаларга мансуб хотин-қизлар 24 июндан 10 июлгача бўлган муддатда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг туман ва шаҳар бўлимларида ташкил этилган ишчи гуруҳларга грант учун ҳужжат топширишлари мумкин.

   Ҳужжатлар тўплами қуйидагилардан иборат бўлади:

  • туман (шаҳар) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи номига ариза (дастлаб, ариза вазир номига ёзилиши эълон қилинган эди. Бироқ охирги вариантда ариза вазирликнинг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи номига ёзилиши тасдиқланди)
  • грант олиш учун белгиланган талаблардан бирига тўғри келишини тасдиқловчи ҳужжатлар (иловаси билан);
  • маълумотнома, объективка;
  • умумтаълим мактаби ёки ўрта махсус, касб-ҳунар муассасасидан маълумотнома (умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатгани ҳақидаги ҳужжат нусхаси);
  • Паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси.

Ўқиш жойидан маълумотнома келаси йилларда сўралади, бу йил эмас.

 

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди