Жомбойда қолиб кетган тойлоқлик асалчи нимадан умид қиляпти?

    Ҳар бир ишда ўзига яраша қийинчилик, машаққат ва муаммолар бўлиши табиий. Асаларичилик соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Дейлик, бу йил об-ҳавонинг ноқулай келгани ва эпидемик вазият улар учун ҳам жиддий синов бўлди. Шифобахш май асалини олиш бироз қийинлашди.

Тажрибали асалчи Маҳмуд Рустамов мана шу мураккаб вазиятдан чиқиш учун Жомбойни танлашга мажбур бўлибди. Аммо гап фақат бунда эмас.

Йилига 1000 тонна асал йўқотилади

Айтишича, республика миқёсида ҳар йили минг тоннадан ортиқ асал йўқотилмоқда. Тилларанг куркунак (“Золотистая шурка”) қушининг тез кўпаяётгани бунинг асосий сабаби экан. Чунки қуш асосан, асаларилар билан озиқланади. Қутилар атрофида кўриниш берса, ҳашарот нектар йиғишга чиқмай қўяди. Қушнинг кетишини ҳатто ярим кунлаб кутиб ётиши мумкин. Шу билан май­июнь ойида етиштириладиган шифобахш неъмат далада қолиб кетади.

– Ҳафтасига 200 килограмм бол олиш мумкин бўлган жойдан гоҳида ойлаб йиғолмаймиз, дейди М.Рустамов. Куркунаклар галаси келиб қолса, уч-тўрт ҳафталик ишни йўққа чиқаради. Афсуски, қўлбола усуллар орқали уларни чўчитиш ўзини оқламай қўйган. Замонавий чораси топилмас экан, бу каби йўқотишлар ортиб бориши тайин.

 

Табиий маҳсулот 30 минг сўм эмас

 

Халқ орасида тоза асалга бўлган талаб ҳамиша юқори бўлган. Аммо уни етиштириш кўлами ушбу талабни қондирмайди. Маҳмуд Рустамов буни Асаларичилик уюшмаси фаолиятининг сезилмаётгани билан изоҳлади. Айтишича, қирқ йилдан буён асал етиштириб, фаолиятига қизиқиш билдирган соҳа раҳбарини учратмаган. Ваҳоланки, ҳар йили уч тоннадан ортиқ бол йиғиштириб олади. Ўтган йили 150 миллион сўм даромад қилган. Уюшмага билдирган таклифлари эса ҳар доим қоғозда қолиб кетаверган.

– Кўпчилик табиий асални қаердан топиш ва кимдан олишни сўрайди, дейди М.Рустамов. Чунки дўкон ва бозорларда сифати кафолатланган маҳсулотни тополмайсиз. Табиий асални давлат стандарти даражасида қадоқлаб сотиш тармоғи бизда ривожланмаган. Қани энди, етиштирилган маҳсулот лаборатория текширувидан ўтиб, махсус сертификат олса. Бренд даражасига чиқса. Бу аввало, аҳолини сифатли ва ишончли маҳсулот билан таъминлаш, дегани. Қолаверса, рақобат муҳити яратилади. Ҳозирча, уни фақат ишончли қўлдан оласиз. Бир литри 70 минг сўмдан кам эмас. 30 минг сўмга “тоза асал” сотаётган сотувчига ишониш қийин. Айрим уддабуронлар тез даромад олиш учун нималар қилмайди, дейсиз. Масалан, асални муддатидан олдин қутилардан олишади. Аммо у хом маҳсулот. Ҳақиқий, пишиб етилган болнинг таркибидаги сув 18­22 фоиздан ошмайди. Суюқроқ бўлса, бол асллигини йўқотади. Шакарнинг қиёми аралашса ҳам шундай. Нархи “ўйнаб” турганига қараб сифатини чамалайверинг. Бизнингча, соҳани тезроқ тартибга олиш керак. Тегишли ташкилот ва уюшмаларга бир неча бор таклиф бердим. Лекин натижаси сезилмади.

 

Май асали қачон арзон бўлади?

 

Апрель-­май ойида минглаб гиёҳ ва дарахтлар гуллайди. Меҳнаткаш ҳашарот нектарини йиғиб олади. Май асалининг шифобахшлиги ҳам шунда. Бир килограми пахтадан олинган болнинг ўн баробарига тўғри келар экан. Афсуски, сўнгги йилларда мавсум ноқулай келяпти. Иқлим ўзгаришлари ҳашаротларнинг иш самарадорлигини камайтириб юбормоқда.

М.Рустамов аслида Тойлоқ туманидан йўлга чиққанини айтди. Карантин сабаб бир муддат Жомбойда қолишни маъқул кўрибди. 250 қути асаларини Зарафшон дарёси бўйига тушириб, 20 кун давомида озми­ кўп май асалини олишга улгурган. Айтишича, пахта далалари тўлиқ гуллаши билан яна йўлга чиқади. Жиззах вилоятига боришни режалаштирган.

Бизни эса у бераётган таклифлар мулоҳазага ундади.

Хўш, соҳада қирқ йиллик тажриба тўплаган асалчининг таклифлари қачон рўёбга чиқади? 1000 тонна асални қушлардан қўриш имкони борми? Қадоқлаш кўламини кенгайтириб, ҳар бир ҳудудда ўзбек асал брендини яратиш нега мумкин эмас? Асаларичилик уюшмаси фаоллари буни жиддий ўйлаб кўрса, фойдадан холи бўлмас эди.

Аҳрор ШАМСИЕВ.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди