Чемпион муносиб кутиб олинди

     Аввал хабар берганимиздек, Тойлоқ олимпия захиралари мактаб-интернатининг 11-синф ўқувчиси шопўлотлик Шарофиддин Амриддинов шу йилнинг 25 феврал - 1 март кунлари Дубай шаҳрида ёшлар ўртасида  спортнинг оғир атлетика тури бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида иштирок этиб, олтин медални қўлга киритган эди.

    Бугун Тойлоқ олимпия захиралари мактаб-интернатида Осиё чемпиони Шарофиддин Амриддиновни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Унда мактаб-интернат  мураббий ва ўқитувчилари, ўқувчилар жамоаси, туман секторлари ҳамда ташкилотлари  раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.

     Тадбирда туман ҳокими Б. Бобоназаров иштирок этиб, ёш чемпион – Ш. Амриддиновни ҳокимлик фахрий ёрлиқлари ҳамда қимматбаҳо совғаларини топширар экан, унинг мураббийлари – Алижон Баҳриев, отаси – Хуршид Сафаров ҳамда онаси – Нилуфар Мавлонаваларга шундай фарзандни тарбиялагани учун миннатдорчилик билдирди. Бу каби муваффақияларнинг бардавом бўлишига тилак билдирди.

    Шунингдек, тадбир давомида “Халқаро тоифадаги спорт устаси”, самбо спорт тури бўйича икки карра Осиё чемпиони Авазбек Абдужалиловни яқинда Беларуссияда бўлиб ўтган Халқаро турнирда бронза медалини қўлга киритгани ҳамда Ўзбекистон Республикаси спорт устаси, кўп карра Ўзбекистон чемпиони Асқар Хайруллаевни жорий йилнинг 26-29 февраль кунлари Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида  спортнинг кураш тури бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 2-ўринни эгаллагани билан қутлади. Уларга  туман ҳокимининг “Фахрий ёрлиғи” ҳамда эсдалик совғаларини топширилди.

  Тадбир якунида туман ҳокими Б. Бобоназаровга спортнинг оғир атлетика турини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшганлиги учун Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси вилоят ижрочи директорининг “Ташаккурнома”си топширилди.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди