“Миллат генофонди ҳаёт-мамот масаласи. Унга панжа орасидан қараб бўлмайди”

 

   Халқ саломатлиги ва соғлом миллат генофонди ҳар бир давлатнинг муҳим бойлиги саналади. Шу боис, мамлакатимизда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишга давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши сифатида эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда юртимизда соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги ишлар янгича мазмун касб этяпти.

   Бугун Тойлоқ туман ҳокимлигида ўтказилган матбуот анжуманида ҳам шу ҳақда сўз юритилди. Унда иштирок этган туман ҳокими Баҳодир Бобоназаров соҳада эришилган ютуқлар билан бирга муаммо ва кмчиликларни ҳам санаб ўтди.

   -Мен соғлом турмуш тарзи деганда олтита асосий шартга амал қилиш деб тушунаман. Булар, тўғри овқатланиш, жисмоний ҳаракат, кун тартибини тўғри тақсимлаш, руҳий осойишталик, зарарли одатлардан тийилиш, озодаликка риоя қилиш. Мана шу тамойилларга қатъий амал қилган киши шифокорларга муҳтожлик сезмайди. Лекин бугун аҳоли орасида турли касалликлар кўпайиб бормоқда. Касаллик қаердан келиб чиқади? Юқоридагиларга амал қилмасликдан.

    Биргина мисол, кўпчилик мол-қўй каби ҳайвонларнинг тезагини яъни порисини томорқасига чиқариб ташлайди. Томорқа экинлардан бўшаган пайтда, яъни куз ойларида чиқарилган пори ёзгача туради. Бу вақт оралиғида эса пори ёмғир ва қор сувлари билан ерга сингиб кетади.  Ана шу пори аралаш сувни “качалка” орқали тортиб, истеъмол қилиш оқибатида турли касалликлар келиб чиқаяпти. Сув қудуқларига яқин бўлган ҳожатхоналар ҳам худди шундай оқибатларни келтириб чиқаради.

    Бу каби тарғибот тадбирларини кучайтириш керак. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашнинг энг муҳим омили бу тарғибот.  Бугун туманда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботи сезилмаяпти. Тиббиёт, СЭС, маҳалла, мактаб, боғча каби муассаса ва ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик умуман йўқ. Мен туман тиббиёт бирашмаси ҳамда санитария эпидемиология осойишталик назорати маркази фаолиятидан умуман қониқмайман. Бугун биз ҳамма соҳада ишни инсон қадри учун тамойили асосида ташкил этаяпмиз. Инсон қадри деганда аввало унинг саломатлиги тушунилади.  Бу борада қилишмиз лозим бўлган ишлар ва режаларимиз кўп,-дейди туман ҳокими Баҳодир Бобоназаров.

   Матбуот анжуманида туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг ўринбосари Феруз Мирзаев аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида  маълумот берди.

   Таъкидландики, Тойлоқ туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида болалар бўлими ташкил этилди. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1 та лапароскопик стойка (1,1 млрд) олиниб, ишга туширилди. Шунингдек, марказий шифохонада травматология бўлими ташкил қилинди. 350 000 000 сўмлик 3 хил (пульсоксометр, ЭКГ ва коагулятор) турдаги тиббий аппаратлар сотиб олинди. Туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохона таркибидаги қабулхонада янги таклиф этилаётган шошилинч тиббий ёрдам қабулхонаси ташкил қилинди. Яшил ҳудуд - мутахассис кўрув хонаси, енгил беморлар кўриладиган хоналар, сариқ ҳудуд –2 та хона ажратилди, қизил ҳудуд - 3 та койкадан иборат, шок ҳолатидаги (ДТП, кардиоген шок, катаравма, инсульт ва бошқа шок ҳолатидаги беморлар)га реаниматолог томонидан реанимацион ёрдам кўрсатиладиган хона ташкил қилинди. Травмалар билан келган беморлар учун алоҳида гипс хонаси, кўрув хонаси, врачлар хонаси барчаси белгиланган тартибларга мувофиқ тайёрланди.

  Тадбир давомида ОАВ ходимлари барча саволларига батафсил жавоблар олишди.

 

Нигина РАҲМАТОВА,

туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди