Муаммолар “Ташаббусли бюджет” ахборот портали орқали ҳал этилади

   Муносабат

  Ижтимоий тармоқда Тойлоқ туман ҳокими Баҳодир Бобоназаров Сариосиё маҳалласида сайёр қабул ўтказгани, бироқ сайёр қабул ўтказилиши ҳақида ҳеч қандай эълон берилмаганлиги, қолаверса, мазкур маҳалладаги муаммолар ҳақида фикрлар билдирилди.

   Ҳақиқатдан ҳам жорий йилнинг 15-февраль санасида Сариосиё маҳалласида туман ҳокими иштирокида сайёр қабул ўтказилган ва сайёр қабул ўтказилиши ҳақида ижтимоий тармоқларда эълон тарқатилмаган. Ушбу танқид ўринли деб баҳолаймиз ва бу хатони такрорламасликка ҳаракат қиламиз.

   Шунингдек, мақолада Сариосиё маҳалласидаги йўллар ва электр энергиясидаги муаммолар ҳақида сўз юритилган. Ушбу масала юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 3-апрелдаги ПҚ-5072-сонли “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида барча ҳудудларда бюджет маблағлари “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик муҳокамасида ғолиб бўлган ташаббусларни амалга оширишга йўналтирилиши белгиланган. Шу сабабли туман ҳокимликларида ички йўлларни таъмирлаш учун манзилли рўйхатларни шакллантириш амалиёти бекор қилинган.

    Жорий йилнинг 6-февралидан 26-февралигача Республикамиз бўйича аҳолини қийнаб келаётган оғир масалалар, жумладан йўлларни таъмирлаш, тунги ёритгич ва пиёдалар йўлаклари қурилиши, электр ва ичимлик суви  таъминотини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ва бошқа масалалар бўйича “Очиқ бюджет” ахборот порталида аҳолининг ташаббуслари рўйхатга олинмоқда.

    Мазкур порталга Сариосиё маҳалла фуқаролар йиғини фуқаролари томонидан ички йўлларни таъмирлаш, электр таъминоти ва сув таъминотини яхшилаш масалалари бўйича ташаббус киритиши мумкин. Мазкур ташаббус жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши ва ғолиб бўлган тақдирда йўллар асфальт қилиниши учун қонунда белгиланган тартибда маблағ ажратилишини маълум қиламиз.

    Бундан ташқари, Сариосиё маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўрнатилган трансформатор пунктини тўлиқ ишга тушириш учун “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” АЖга керакли бўлган эҳтиёт қисмлар 200 метр АС-50 сим, 1,6 км СИП кабеллар ва шу каби жиҳозларни  ажратиш бўйича буюртма берилган. Материаллар ажратилиши билан трансформатор пункти ва тармоқ ишга туширилади.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди