Эркинжон Турдимов: Мактабнинг мавқеи муаллимда

    Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан халқ таълимини ислоҳ қилишда амалга оширилаётган ибратли ишларни кўриб, сезиб, билиб турибмиз. Лекин шуни унутмаслик керакки, ҳар қанча шароит яратилмасин, мактабнинг мавқеи муаллимнинг билими, меҳри ва маҳоратига, ўз касбига садоқатига боғлиқ. Буни кўплаб фидойи ўқитувчилар ўз фаолиятлари орқали исботлаб келмоқдалар. 

    Муаллим қишлоқда, маҳаллада зиёлиларнинг зиёлиси ҳисобланган. Одамлар унинг юриш-туришидан, суҳбатидан ибрат олган. Муаллим деганда айниқса кекса авлод қўлида доимо китоб ушлаб юрган кишини тасаввур қилган. 

   Бугунги муаллим ўз номига, мактабларда яратилаётган шароитга, кўрсатилаётган ижтимоий ҳимояга муносиб бўлиш баробарида, глобаллашув жараёни талабларини ҳам ҳис қилиши зарур. 

  Вилоятнинг қайси ҳудудига борсам, аввало мактабларга кираман, ўқитувчилар билан мулоқот қиламан. Шогирдларига билим беришда фидойилик қилаётган ва ибрат бераётган муаллимларга ҳавас қиламан. Мутасаддиларга бундайларни рағбатлантириш юзасидан таклифлар бераман. 

  Бироқ, жойларда ўз ишига панжа орасидан қарайдиган ўқитувчилар ҳам бор. Улар мунтазам китоб ўқишмайди, ўз маҳоратини бойитиш устида ишламайди. Ҳатто тоифа олишда ҳам қинғир йўлларни қидиришади. Натижада улар ўқувчилар, ота-оналар ишончини қозона олишмаяпти. Назаримда мактаб директорлари жамоада бундайлар билан ошкора таҳлиллар ўтказиши керак. Токи ҳар бир ўқитувчи жамоанинг, ўқувчиларнинг, ота-оналарнинг ўзига нисбатан баҳосини билиб борсин. 

   Демоқчиманки, биз яхши ўқитувчини рағбатлантиришни йўлга қўйдик, энди масъулиятсиз муаллимни тартибга чақиришни ҳам ўрганишимиз лозим. Чунки мактаб обрўсини фақат фидойи, тажрибали, маҳоратли ўқитувчилар оширади.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди