Туризм – мамлакатимиз иқтисодиётининг эртанги куни

 Ушбу соҳа кузатувчилари сайёҳлик ва туризм иқтисодий ривожланишнинг драйвери – ҳаракатлантирувчи кучи экани ҳақида якдил фикр билдирмоқда, у янги иш ўринлари яратиши баробарида ижтимоий ривожланишга ҳам ҳизмат қилади. У кўплаб кишилар ва соҳаларни ўз ичига олувчи ижобий циклдир.

   Шу сабабдан, нафақат республикамизда  балки Тойлоқ туманида ҳам туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманнинг туризм жозибадорлигини оширишга қаратилган бир нечта лойиҳалар амалиётга тақдим этилмоқда.

   Бугун туман ҳокимлигида ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида иштирок этган туман ҳокимининг ўринбосари, инвистиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Баҳодир Санақулов ОАВ вакилларига туманда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот бериб ўтди.

  Б. Санақулов туманда туризм соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилганлиги, бироқ дастурларда белгилаб олинган вазифалар тўлақонли бажарилмаётганлигини таъкидлади. Бу эса туризм ресурсларидан самарали фойдаланишнинг асосий йўналишлари сифатида инфратузилмани барпо этиш, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, маркетинг, тижорат ахборот тизимларини ташкил этиш механизмларини такомиллаштириш лозимлигини кўрсатмоқда.

   Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2021-йил 15-16 апрел кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи ва вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилиш давомида берган топшириқлари бўйича қабул қилинган 20-сонли йиғилиш баёнининг 7-қисми 156-бандида Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги “Сиёб Шавкат Орзу” фермер хўжалиги ва  “Пет Агро Оил” МЧЖ томонидан Имом ал-Бухорийнинг устози Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доромий қўним топган1,8 гектар ҳудудда зиёратгоҳ қуриш тўғрисидаги таклифига розилик берилган.

  Ҳозирги кунда “Навбаҳор” маҳалласида жойлашган Имом ал-Бухорийнинг устози Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доромий қўним топган ҳудудда зиёратгоҳ қуриш бўйича “Универсал Профстил” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқилаётган лойиҳа смета ва бош режасига кўра қуриладиган янги объектлар ва инфраструктура объектлари, ободонлаштириладиган ишлари олиб борилмоқда.

   Бундан ташқари, туманнинг Боғизағон МФЙ ҳудудида жойлашган "BOG‘IZAG‘ON" МЧЖ корхонаси тасарруфида 375 га ер майдони бўлиб, 2002 йилда корхонага узоқ муддатли шартнома асосида бириктириб берилган. Ушбу майдонларда тўлиқ техник навли узум етиштирилади. Корхонага йилига ўртача 2000 дан зиёд маҳаллий ва хорижий туристлар қабул қилинди. Тегишли фармон ва қарорларга асосан корхонага узум хом ашёсини етарли бўлиши учун тумандаги 137 та фермер хўжалигининг 609 га ер майдони кластер асосида бириктириб берилган.

   "DALER MED-SERVIS" ХК дам олиш маскани туманнинг шовқинидан олисда, “Қора сув” соҳилида, атрофи мусаффо, асрий дарахтлар билан ўралган сўлим гўшада жойлашган.

Ушбу масканда 350 дан ортиқ маҳаллий туристлар дам олиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари мумкин.

Медиа тадбир давомида шу каби маълумотлар берилгач, матбуот анжумани иштирокчиларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

   -Имом ал-Бухорийнинг устози Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доромий ҳаёти ва у киши томонидан ёзиб қолдирилган ҳадисларни жамлаб, китоб шаклига келтирсак, бу ҳам туристлар сонининг ошишига хизмат қилади, -дея таклиф билдирди “Қўшчинор” газетаси мухбири Абдулла Нисорий. –Бунинг учун бу шахс ҳақида тўлиқ маълумот йиғиб, соҳа мутахассислари, тарихчи ва олимларнинг фикрларини жамлашимиз керак. Агар шу ишни уддалаб, ад-Доромий ҳақида чиройли китоб чиқарсак, туманда туризмни ривожлантириш билан бирга келжак авлод учун ҳам яхши адабий мерос қолдирган бўламиз.

   Мухбирнинг бу таклифини туман ҳокимининг ўринбосари қўллаб-қувватлади ва бу борадаги ҳар қандай муаммо ва масалани ечишда кўмаклашишини маълум қилди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди