"Тайлоқ"ми ёки "Тойлоқ"?

    Бугун туман ҳокимининг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Фазлиддин Мирбобоев иштирокида ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида Ўзбек тилининг давлат тили сифатида ўрни ва нуфузини ошириш бўйича туманда амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

   Унда таъкидландики, “Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича туман комиссияси” томонидан 2021 йил давомида тумандаги барча географик объектлар хатловдан ўтказилди. Натижада тумандаги 732 та кўчалардан 59 та кўчаларга янги ном бериш, 8 та кўчаларнинг номини ўзгартириш, 79 та қабристон ва 5 та зиёратгоҳ номлари белгиланган тартибда ўрганиб чиқилган ҳамда уларни номлаш ва қайта номлаш бўйича зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, давлат экспертизасидан ўтказилиб, номлари ўзгартирилган.

Қолаверса, тумандаги мавжуд 732 та кўчаларни номлаш бўйича экспертиза хулосалари олинган. Бугунги кунда маҳалла фуқаролар йиғинларидаги кўчаларни номлаш ва аҳоли хонадонларини рақамлаш ишлари олиб борилмоқда.

   Ҳозирги кунда туманда 1164 дан ортиқ ташқи реклама, эълон ва пешлавҳалар мавжуд бўлиб, шундан 342 тага яқини ўзгартирилиши лозим бўлган ташқи ёзувлардир. Ўтган йил давомида фақат хорижий тилда ва имловий хато билан ёзилган ёки яроқсиз ҳолатга келиб қолган 490 га яқин ташқи ёзувлардаги камчиликлар бартараф этилди.

   Юқоридаги каби камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий ишлар давом эттирилмоқда ҳамда тадбиркорларга Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонунларининг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, керакли кўрсатма ва тавсиялар бериб келинмоқда.

    Матбуот анжуманида иштирок этган ОАВ ходимлари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди. Хусусан, унда туман номи "Тайлоқ"ми ёки "Тойлоқ"? деган савол кўндаланг қўйилди. Шунингдек, туман ташкилотлари идоралари пештоқига илинган пешлавҳалардаги "Тайлоқ тумани" деган ёзув нега ҳалигача ўзгартирилмагани бу ҳолат жамоатчилик вакилларининг эътирозларига сабаб бўлаётгани ҳам муҳокам марказида бўлди.

    Бу борада ҳар бир ташкилот раҳбарига расмий хат жўнатилиши, агар белгиланган муддатда ўзгартирилмаса, ташкилот раҳбарига нисбатан маъмурий жавобгарлик қўлланилиши айтилди. 

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди