Соғлом экин – мўл ҳосил гарови

   

   Аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида юртимизда ўсимликларни зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зараркунандаларга қарши биологик усулда кураш ишларини ташкил этиш, маҳаллий ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини тайёрлаш ва қўллаш борасидаги ишларга устуворлик берилмоқда. Маълумотларга кўра ҳар йили зараркунандалар ва турли касалликлар туфайли қишлоқ хўжалигида ҳосилнинг 30-35 фоизи нобуд бўлар экан. Хусусан, биргина сабзавотларнинг 8 фоизидан кўпроғи шу сабаб йўқотилади. 

  Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, қишлоқ хўжалиги соҳасини янги босқичга кўтариш, хориж тажрибаларини қўллаш, юқори ҳосилдорликка эришиш мақсадда “Premiks Agro Progress” қўшма корхонаси томонидан “Микробиотик” бренди остида замбуруғли касалликларга қарши курашувчи, ўсимликни яна ривожлантириш ва ҳосилдорликни ошириш имконини берувчи биологик ва минерал ўғитлар ишлаб чиқарилмоқда.

    Ушбу компания вакиллари бугун Тойлоқ туманида фермер ва қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари ўртасида маҳсулотлар тақдимотини намойиш этишди.

    -Мақсадимиз камхарж ва мўл ҳосил олишга қаратилган. Бунда ишлов беришда анъанавий усуллардан босқичма-босқич воз кечиб, замонавий технологиялар  ва энг янги биологик, органик ва минерал ўғитларни амалиётга жорий этишдан иборат, -дейди “Premiks Agro Progress” қўшма корхонаси мутахассиси Абдумажид Абдураҳимов.  – Компаниямиз фермер, деҳқон хўжаликлари , томорқа ер эгалари ва иссиқхона эгаларига сифатли биологик ва минерал ўғитлар ишлаб чиқариш билан биргаликда уларга агрономик кўмак кўрсатиш мақсадида “Аgrosystems” корхонаси билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда. Ушбу ҳамкорлик орқали зарарланган ҳудудларни аниқлаш, муаммоларни ўрганиш ва агрономик ечимлар беришга эришилмоқда.

   Ўқув-семинар тарзида ўтказилган тақдимотда компания вакиллари ўнга яқин биологик маҳсулотларни намойиш этишди ва уларнинг фойдали хусусиятлари, қўллаш усуллари ва натижалари ҳақида батафсил маълумот беришди.  

Нигина РАҲМАТОВА,

туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди