Туманда мактабгача таълим-тарбия сифати қандай?

    Бугун соҳа ходимлари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда шу ҳақда сўз юритилди.

   Мактабгача таълим соҳаси узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини ҳисобланиб, у ҳар томонлама соғлом ва баркамол бола шахсини тарбиялаш ва мактабга тайёрлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади. Шу боисдан республикамизда таълим-тарбия тизими ва баркамол авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари даражасига кўтарилди. Бироқ ўтказилган таҳлиллар мактабгача таълим соҳасида олиб борилаётган ишларнинг самараси ва натижаси етарли даражада эмаслигини кўрсатмоқда.

   Хўш, тизим олдига қўйилаётган шу каби вазифаларни тўлақонли бажариш, амалий натижаларни янада мустаҳкамлаш йўлида туманимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Туманимизда мактабгача таълим-тарбия тизими қандай?

    Ушбу саволларга бугун бўлиб ўтган очиқ мулоқот давомида батафсил маълумот берилди. Тойлоқ туман ҳокими Б. Бабоназаров, секторлар раҳбарлари, масалага алоқадор ташкилотлар раҳбарлари, мактабгача таълим тизими ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этган очиқ мулоқот Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А.Ходжаев ҳамда Самарқанд вилоят ҳокими Э.Турдимов томонидан имзоланган медиа-режага мувофиқ ўтказилди.

   — Дарҳақиқат, ёш авлодга замон талаблари асосида билим бериш учун, табиийки, ўқитувчи-педагоглар малакаси ва маҳорати юксак бўлмоғи лозим. Айниқса, бугун ёшлар жуда илғор фикрламоқда. Дарсларни уларнинг талабига мос,  юқори даражада ташкил этиш учун ўқитувчи мунтазам равишда ҳар бир машғулотга алоҳида тайёргарлик кўриши зарур. Шу нуқтаи назардан, халқ таълими тизимига янги ва замонавий таълим технологияларини, ўқув дастурларини жорий этиш билан бирга, педагогларнинг касбий маҳоратини изчил ошириб бориш мақсадга мувофиқдир, -дейди туман мактабгача таълим бўлими вазифасини вақтинча бажарувчи Қ. Маманов.

  Очиқ мулоқот давомида соҳадаги камчиликлар муҳокама этилди. Шунингдек, тажрибали ва билимли тарбиячиларнинг иш фаолиятини оммалаштириш, намунали мактабгача таълим ташкилотларида очиқ эшиклар кунини ўтказиш, билимли ва маҳоратли тарбиячиларни рағбатлантириш бўйича таклифлар билдирилди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди