Тойлоқда ўқувчиларга тажриба-синов тариқасида деҳқончилик сирлари ўргатилади

Меҳнат ва ўқиш оға-ини

   Халқимизда “Ҳамма бойликларнинг онаси – ер, отаси - меҳнат” деган нақл бор. Қолаверса, томорқа-рўзғор баракаси. Ундан унумли фойдаланган кишининг рўзғори бут бўлиши айни ҳақиқат. Шу боисдан ўқувчи-ёшларни меҳнатга, деҳқончиликка, тупроқ ва табиатни асрашга ва ундан самарали фойдаланишга ўргатиш фойдадан холи бўлмайди.

   Бугун Тойлоқ туманидаги 34-умумтаълим мактабида ўтказилган амалий семинар ана шу мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Мактаб ҳудудидаги ер майдонларидан унумли фойдаланиш, биология ва технология фанлари ўқув соатларини қисқартириш ҳисобига ўқувчиларни деҳқончиликка қизиқтириш мақсадида ташкил этилган вилоят семинарида Тойлоқ туман ҳокими Б. Бабоназаров, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи З. Шодиева, Самарқанд давлат университети проффессор ўқитувчилари, шаҳар ва туманлар халқ таълими бўлими бошлиқлари, мактаблар директорлари иштирок этишди.

   Семинарни туман ҳокими Б. Бабоназаров очиб берди ва ўз сўзида Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг 15-16 апрель кунларидаги ташрифи давомида ўтказилган фаоллар йиғилишида илгари сурилган мазкур ташаббус бугун синов тариқасида амалиётга жорий этилаётгани, бу эса ёшларнинг эртаси учун пойдевор бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

   Шунингдек, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи З. Шодиева йиғилганларни мазкур хайрли тадбирнинг бошланиши билан қутлаб, семинар ишига мувоффақият тилади ҳамда ўқувчиларда меҳнат қилиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида мактаб ҳудудидаги ер майдонларидан унумли фойдаланиб, ўқувчиларни деҳқончиликка қизиқтиришдаги ташаббускорлиги ҳамда семинарнинг ташкилий ишларида фаоллик кўрсатган 34-умумтаълим мактаби директори, шунингдек, мактабнинг технология ва биология ўқитувчиларини ташаккурнома билан тақдирлади.

   Шундан сўнг семинар иштирокчилари ҳамда ўқувчилар мактабнинг очиқ ер майдонида экилган помидор ўсимлигига ишлов бериш, иссиқхонада помидор ўсимлигини экиш технологияси ҳамда очиқ майдонда экиладиган карам ўсимлигини экиш технологияси бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.

   Худди шундай тадбир туманимиздаги 38 ҳамда 26-умумтаълим мактабларида ҳам ташкил этилди.

 

Нигина РАҲМАТОВА,

туман ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси.

 

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди