Бир мурожаат изидан

    Давлатобод маҳалласида яшовчи ака-ука Ёрматовлар ота-бобосидан қолган ерни иккига бўлиб, иморат қилишган. Йиллар давомида ҳамжиҳатликда яшаб келган бу икки қондош ўртасида кейинги пайтларда ўзаро келишмовчилик келиб чиқди. Яра маддалаб, алал оқибат жанжалга айланди. Бир қориндан талашиб тушган ёши олтмишдан ошган бу мўйсафид жигарлар бир парча ерни деб, бир-бирига қўл кўтарди. Асадулло укаси Хайруллонинг оғилхонасини бузиб, ўзига йўл очиш ниятида у билан жанжаллашган. Маҳалла оқсоқолларининг аралашуви ҳам ака-укани муросага келтира олмади. Бу можаро туман ҳокимининг қулоғига етди.

   Мазкур масалани ижобий ҳал этиш мақсадида туман ҳокими Б. Бабоназаров, туман прокурори А. Сайпиддинов ҳамда, туман солиқ инспекцияси бошлиғи Ш. Шариповлар Ёрматовлар хонадонига бориб, масалани ўрганишди. Туман архитектори ҳамда кадастр бўлими масъулларини чақириб, ҳужжатларни кўриб чиқишди. Ўрганиш жараёнида А. Ёрматов шаҳарсозлик қонун-қоидаларига зид ҳолда иморат қурганлиги ва унинг бугунги ҳатти-ҳаракатлари қонунга зид эканлиги аниқланди.  

   А. Ёрматовнинг ҳовли-томорқаси Дарғом канали бўйидаги жарликка туташиб кетган. Жарлик пастида эса ёлғизоёқ йўл мавжуд. Мазкур муаммо жарликни текислаб, йўл очиш билан ҳал этиладиган бўлди. Туман ҳокими йўл қурилиши учун техника ва бошқа ёрдамлар кўрсатилишини таъкидлади.

Нигина РАҲМАТОВА,

Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди