Тойлоқда 487 нафар ёшларга деҳқончилик қилиши учун ер берилди

   Шу йилнинг 27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти қишлоқ хўжалигидан ер ажратиш орқали ёшларни иш билан таъминлаш масаласига ҳам эътибор қаратди.

  Ушбу ташаббусдан келиб чиқиб, Тойлоқ туманида иш билан банд бўлмаган 487 нафар ёшларнинг ҳар бирига фермер хўжаликларининг ер майдонлари ҳисобидан 10 сотихдан жами 48,7 гектар ер майдони ажратиб берилди ва уларга ажратилган ер майдонларидан тўғри фойдаланиб, экиндан юқори ҳосил олиш борасида малакали мутахассислар ўз тавсияларини бериб боришмоқда.

    -Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга берилаётган кенг имкониятларни кўриб, ҳавасим келади, - дейди “Саховат ток-боғлари” фермер хўжалиги раиси Қувондиқ Маманазаров. – Фермер хўжалигим ҳисобида 26,4 га ер мавжуд бўлиб шундан 12,7 гектари очиқ майдон ҳисобланади. Мана шу очиқ ердан 1,9 гектарини Қўрғонча маҳалласида яшовчи 19 нафар ёшларга 10 сотихдан деҳқончилик қилиб, даромад олиши учун ажратиб бердик. Бу борадаги ишларимизни давом эттириб, деҳқончилик қилиш нияти бор ёшларга яна ер ажратиб бермоқчимиз. Фермер хўжалигимда анча йиллардан бери ишлаб келаётган тажрибали деҳқон Ёдгор Маманазаров ёшларга ердан унумли фойдаланиш борасида зарур тавсиялар ва маслаҳатларини бериб бормоқда.

   -Мен ҳам ўша ёшлар қаторидаман, – дейди Қўрғонча маҳалласида яшовчи Шаҳзод Каримов. – Ҳар бир давлатнинг эртаси ёшларга қаратилаётган эътиборига қараб белгиланади. Айниқса, ўтган йилги мураккаб ва синовли йилда кўплаб фуқаролар ишсиз қолди. Уларнинг тақдири ва келажагини уйлаган Президентимиз кўплаб ташаббусларни илгари сурмоқдалар. Менга ажратилган ер майдонидан самарали ва унумли фойдаланиб, яхши даромад олишни ният қилганман. Ўз вақтида ерга кўчат қадаб, агротехник тадбирларни тартиб-қоида асосида бажариб, киши ҳавасини келтирадиган даражага етказаман.

   Дарҳақиқат, “Қимирлаган қир ошар” деб бежизга айтилмаган. Қолаверса, чўп суқса кўкарадиган унумдор еримиз, саховатли қуёшимиз борки, ҳар йили деҳқончилигимиз баракали бўлади. Фақатгина ҳаракат ва иштиёқ бўлса бас.

 

Нигина РАҲМАТОВА,

Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди