Мақсад: уюшмаган ёшларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишида кўмаклашиш

    

  Тойлоқ туманининг Ғўлба маҳалласида 4896 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 1006 нафари 18 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар, 556 нафари эса уюшмаган ёшларни ташкил этади. Ана шу йигит-қизларнинг муаммоларини эшитиб, ижобий ҳал этиш, уларни тўғри йўлга бошлаш, юртимизда ёшларга яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлардан уларни хабардор қилиш ҳамда жамиятда ўз ўрнини топишида кўмаклашиш мақсадида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.

   Туманнинг 1-сектор ҳудудидаги 61-мактабда ўтказилган учрашув одатдаги сайёр қабул эмас, балки дўстона, самимий мулоқот тусини олди. Унда маҳалланинг уюшмаган ёшлари иштирок этиб, туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Баҳодир Бабоназаров билан дўстона суҳбатлашишди, ўзларини қийнаётган муаммолари, шу билан бирга таклиф ва фикр мулоҳазаларини билдиришди.

    Хусусан, ёшларга деҳқончилик қилиш учун ер майдони ажратиш бўйича 4 та мурожаат рўйхатга олинди. Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олиш истагини билдирган Гулноза Қаюмованинг мурожаати ҳам тегишли тартибда рўйхатга олиниб, мутасаддиларга бириктирилди.

   Шунингдек, маҳалладаги 9-мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчиларга рус ва инглиз тилларини ўргатишни йўлга қўйиш борасидаги таклиф кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди ҳамда туман раҳбари ушбу таклиф ўрганиб чиқилишини маълум қилди. Учрашув давомида маҳалла ёшлари томонидан жами 18 та мурожаат, таклиф ва саволлар келиб тушди. Уларнинг 4 тасига ҳуқуқий тушунча берилди, қолганлари ижрога йўналтирилди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди