Туман ҳокимининг аҳолига МУРОЖААТИ

Янги йил байрамини кўнгилдагидек ўтказиш, бозорлардаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, аҳолига газ, свет, кўмир каби маҳсулотларни узлуксиз етказиб бериш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Тойлоқ туман ҳокими Баҳодир Бабоназаровнинг аҳолига МУРОЖААТИ

Ассалому алайкўм ҳурматли тумандошлар!

    Бир неча кундан сўнг кўп миллатли халқимиз “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”ни кузатиб, қувончу ташвишларини, эришган ютуқ ва айрим улгурмаган ишларини сарҳисоб этган ҳолда, Янги йил остонасига беғубор орзу-умидлар билан қадам қўяди. Янги йил аслида янги қувонч, янги шодлик ва янги истаклар айёмидир. Мен сизларни, сизлар орқали бутун туманимиз халқини 2021 йил билан чин қалбимдан муборакбод этаман. 

    Халқимиз Янги йил байрамини ҳар гал ўзгача орзу-ҳавас ва иштиёқ билан нишонлайди. Бу йилги айём ҳам ўзига хос байрамона кайфият билан нишонланди. Табиийки, байрам муносабати билан бозорлар гавжум, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб одатдагидан бир неча баробар ортган. Талаб ошган сари нарх-навонинг асоссиз равишда ошиш эҳтимоли юқори. Шу сабабли савдо нуқталаридаги нарх-наво барқарорлигини сақлаш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиб турибди.

   Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йил 16 октябрь куни ҳудудларда озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатли таъминлаш ҳамда ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш юзасидан видеоселектор йиғилишида берган топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида туман аҳолисининг 2020 йил ноябрь ойидан 2021 йил май ойига қадар асосий турдаги озиқ-овқат махсулотларига бўлган ўртача талаби белгиланган истеъмол меъёрлари асосида ўрганиб чиқилди.

   Туманда 2021 йил май ойига қадар аҳоли эҳтиёжи учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш юзасидан аҳолининг эҳтиёжи инобатга олиниб, жами 62,8 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш зарурлиги аниқланди ва ушбу заҳира ортиғи билан жамғарилди.

   Янги йил байрами арафасида туман марказида “Арзонлаштирилган гўшт ярамаркаси” ташкил этилди. Бу ерда “Акмал Тошпўлатович” кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан ўз маблағи ва имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан Беларуссия давлатидан гўшт маҳсулотлари олиб келиниб, 45 минг сўмдан сотилмоқда. Шунингдек, ушбу фермер хўжалигида гўшт учун боқилган қорамолларнинг гўшти 55 минг сўмда савдога чиқарилган.

  Байрам арафасида аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида Арзонлаштирилган гўшт дўкони ёнида озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилган. Бу ердан фуқароларимиз байрам дастурхони учун керак бўладиган барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини арзон нархда харид қилишлари мумкин. Шунингдек, бозор ҳудудида ҳам худди шундай ярмарка фаолият юритмоқда.

   Бундан ташқари, асосий турдаги маҳсулотлардан ҳисобланган гўшт, тухум ва сут маҳсулотларини бевосита биринчи ишлаб чиқарувчи томонидан бозорларда чакана савдосини ортиқча воситачиларсиз аҳолига етказилишини таъминлаш мақсадида 19 та чорвачилик фермер хўжаликлари учун 25 та савдо ўринлари энг қулай жойлардан ажратиб берилди.

   Шахсан ўзим ва сектор раҳбарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳар куни бозорларда бўлиб, нарх-навонинг асоссиз ошиб кетишини олдини олиш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораяпмиз.

  Ҳурматли тумандошлар, шу ўринда байрам арафасида аҳоли кайфиятига таъсир кўрсатадиган яна бир ҳолатга тўхталиб ўтмоқчиман. Бу электр энергияси таъминотида кузатилиши мумкин бўлган узилишлар, табиий газ босимининг пасайиши ва кўмир захираси билан боғлиқ масала ҳисобланади.

 Жорий йилда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш Янги хаёт, Галаботир, Ворсин, Навбаҳор, Деҳқонобод, Ғўлба, Бирлик, Бунёдкор, Дўстлик, Файзиобод маҳаллаларида, Тўғай, Тўқал, Туёқли, Ҳавузак, Бачки, Дашт, Шохкаш,  Узунқишлоқ, Хончорбоғ, Богичинор, Илмобод маҳаллаларининг электр  энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида қўшимча 18 та трансформатор пункти ўрнатилди. Шунингдек, туманимизда маҳалла фаоллари томонидан ҳашар йўли билан қувватни ошириш мақсадида қўшимча трансформаторлар ўрнатилди.  

    2020 йилда Жорий ва мукаммал таъмирлаш  режаси  асосида 10-06,0.4кВ  245.6км ҳаво тармоғи  ва  125 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди.

   Бундан ташқари, 10-0,4 кВли юқори кучланишли  ва 48,1км паст кучланишли, шундан – 25,1 км  ҳаво тармоғи тортилди. 546 та темир бетон устунлар ўрнатилди. Шундан 117 дона темир бетон устун туман ҳокимлиги томонидан ажратилиб, шартнома асосида олиб келинди.  Ушбу бетон устунлар Найман, Бунёдкор, Олмазор, Зарафшон маҳаллларига ўрнатилди.  

   Туманимизнинг 17 та маҳалласидаги 8550 та хонадон табиий газ билан таъминланган бўлса, 27834 та хонадонга суюлтирилган газ баллонлари еткзиб берилади. Суюлтирилган газ баллонларини хонадонларга етказиб бериш оралиғи 45-47 кунни ташкил этади.

  Ҳурматли тумандошлар, куз-қиш мавсумида ҳаво совиши туфайли табиий газ босими ёз кунларига нисбатан анча пасайиши ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, аҳоли орасида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари кузатилади. Бу эса маҳаллаларнинг чекка хонадонларида табиий газ босими пасайиб, аҳолининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқармоқда. Шу сабабли тумангаз, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими, ички ишлар бўлими ходимлари ва сектор раҳбарлари бошчилигида қўшма рейдлар ташкил қилинди.

   Натижада, туманнинг Ворсин, Маданият, Боғизоғон маҳаллаларининг айрим хонадонларида яширин равишда ўзбошимчалик билан газ сўрғич яъни моторли насослар ўрнатиб олинганлиги аниқланди.

   Декабрь ойининг 19-21 кунларида аҳоли хонадонларидан яъни, Ворсин маҳалласидан 19 дона, Маданият маҳалласидан 8 дона ва Боғизоғон маҳалласидан 21 дона жами 48 дона  газ сўрғич ускуналари йиғиб олиниб, тумангаз омборхонасига топширилди.

   Аҳолини кўмир маҳсулотига бўлган талабини қондириш ҳамда кўмир заҳирасини яратиш бўйича туманда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йил куз-қиш мавсумида аҳолининг кўмирга бўлган эҳтиёжи 8966 тоннани ташкил этади.  Бугунги кунга қадар 3186 тонна кўмир олиб келинган бўлиб, шундан 700 тонна кўмир маҳсулоти янги йил байрами арафасида олиб келиниб, аҳолига 300 сўмдан сотилди. Мавсум давомида яна 5780 тонна кўмир маҳсулоти олиб келиниши режалаштирилган. 

  Ҳурматли тумандошлар! Туманда электр энергияси, газ ва сувоқова сингари коммунал ташкилотларининг бир меъёрда ишлаши учун туман ҳокимлигида куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш штаби ташкил этилган. Штаб нафақат байрам арафасида балки мавсум давомида аҳоли учун туну-кун фаолиятини давом эттиради.  

   Қадрли фуқаролар, барчангизни яна бир бор Янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Ҳеч биримизни меҳр тафти тарк этмасин.

Эътиборингиз учун раҳмат.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди