2021 йилнинг май ойига қадар туманда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жиддий муаммо бўлмайди

     Тойлоқ туман ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.  Унда туман ҳокими Б. Бабоназаров, секторлар раҳбарлари, тегишли бошқарма, корхона ва ташкилотлар, сиёсий партиялар, маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда ОАВ, журналист ва блогерлар қатнашди. 

     Сессия кун тартибига кўра, вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозордаги нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида вилоят ҳокими Б. Бабоназаровнинг ахбороти тингланди. 

     Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йилнинг 16 октябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида туманда кечиктириб бўлмас тадбирларни амалга оширишга киришилди. 

    Туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уни қайта ишлашга ихтисослашган бўлиб, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариладиган, аҳолининг энг юқори истеъмол талаби мавжуд бўлган 10 турдаги маҳсулотларнинг 8 тасида тўлиқ ички имкониятлар ҳисобидан қопланади.

     Туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, жумладан, гўшт, картошка, гуруч, ун, шакар, тухум ва ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича 2021 йилнинг май ойига қадар 11814 тонна гўшт маҳсулотлари, шундан 4776 тонна парранда гўшти, 488 тонна балиқ, 40874 тонна картошка, 1103 тонна шакар, 34,8 миллион дона тухум, 8633 тонна пиёз ва 4591 тонна сабзи маҳсулотлари талаби аниқланди.

    Гуручга бўлган талаб 982 тоннани ташкил қилиб, туманда гуруч етиштирилмаслиги сабабли Хоразм вилоятидаги ишлаб чиқарувчилар билан 358 тонна гуруч олиб келиш бўйича шартномалар тузилган. Қолган 624 тонна гуруч маҳсулоти шартномаларини тузиш ой якунига қадар ниҳоясига етказилади.

    Шакар маҳсулоти туманда ишлаб чиқарилмаганлиги сабабли “Пет Агро Оил” қўшма корхонаси томонидан Украинадан олиб келинмоқда.

     Бозорларда нарх-навонинг барқарорлигини сақлаш мақсадида “Акмал Тошпўлатович” кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан ўз маблағи ва имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан Беларуссия давлатидан гўшт маҳсулотлари олиб келинади.

    Шунингдек, туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, туман аҳолисини балиқ гўштига бўлган талабини қондириш мақсадида Боғизоғон МФЙ Тожикравот қишлоғида “Голден чиккен плюс” МЧЖ томонидан умумий лойиҳа қиймати 14 млрд сўмлик, қуввати 250 тонна балиқ етиштириш лойиҳаси декабрь ойида фойдаланишга топширилади.

     “Зарафшон Агро Захира АБ” МЧЖ томонидан Қўшчинор маҳалласида картошкачилик кластери ташкил қилинди. Ўтган давр мобайнида кластер томонидан тумандаги фермер хўжаликларига 745 тонна уруғлик картошка етказиб берилиб, 213 гектар майдонларга картошка экилди.

    2021 йилнинг май ойига қадар аҳоли эҳтиёжи учун талаб қилинган гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёз маҳсулотларининг тасдиқланган ҳажмлари бўйича назорат тизими жорий этилди. 

    Масъул этиб бириктирилган ташкилотлар раҳбарлари томонидан тегишли озиқ-овқат маҳсулотларининг керакли заҳирасини яратиш мақсадида улгуржи етказиб берувчи фирма ва компаниялар манзилли рўйхати шакллантирилди. Хорижий ва маҳаллий етиштирувчи компаниялар билан шартномалар тузилди. Маҳсулотларни вилоятга олиб келиниши, омборхона ва музлатгичли камераларга жойлаштирилиши ва заруратга кўра бозорлар ва савдо мажмуаларига мақбуллаштирилган нархларда савдога чиқарилиши бўйича ишлар ташкиллаштирилди. 

    Туман ҳокими Б. Бабоназаров  2021 йилнинг май ойига қадар туманда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жиддий муаммо бўлмаслигини таъкидлади.

   Сессияда шу ва бошқа масалалар чуқур таҳлил этилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди. Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди