“Темир дафтар” рўйхатини шакллантиришда хатоликка йўл қўйган масъулларга нисбатан чора кўрилади

   Бугун халқ депутатлари Тойлоқ туман кенгашининг навбатдаги XI сессияси бўлиб ўтди. Унда туман ва вилоят кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, мактаб директорлари, маҳалла раислари ҳамда корхона, ташкилот раҳбарлари, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўз Ризаев иштирок этди.  

    Сессия ишини Кенгаш раиси Б. Бобоназаров олиб борди.

    Сессия аввалида Н. Ризаев юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, пандемия даврида аҳолини, айниқса, камбағал оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган Президент қарорларига ва унинг ижросига алоҳида тўхталиб ўтди. Депутат ўз нутқида “темир дафтар”га киритилган аҳоли қатламига ажратилаётган моддий ёрдам ва озиқ-овқат маҳсулотларини манзилли етказиб беришни қаттиқ назорат қилиш, бу борада аҳоли орасида норозилик кайфияти шаклланишига сабаб яратмаслик кераклигини таъкидлади.

    Шундан сўнг сессия кун тартибига киритилган қуйидаги масалалар бўйича ахборот берилди:

   1. Тойлоқ туманида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида.

    2. Тойлоқ тумани мактабларида коронавирус пандемияси шароитида 2020-2021 йилги ўқув йилини бошлаш тартиблари тўғрисида.

    Кун тартибидаги масалалар депутатлар томонидан муҳокама этилгач, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н. Ризаев кун тартибидаги биринчи масала юзасидан тақдим этилган қарор лойиҳасига “Темир дафтар” рўйхатини шакллантиришда хатоликка йўл қўйган масъулларга нисбатан чора кўриш таклифини киритди.

   Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва сессия ўз ишини якунлади.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди