Мақсад – халқни рози қилиш

   Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида аҳолини камбағалликдан чиқариш, эҳтиёжманд оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Бу борада ишлаб чиқилган ҳуқуқий ҳужжатлар амалиётга кенг тадбиқ этилиб, ижроси таъминланмоқда.

   Хусусан, Тойлоқ туман ҳокимлиги томонидан камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, яшаш шароитларини яхшилаш, бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, туман ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ вакиллари эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойларини таъмирлашда кўмаклашиш мақсадида секторлар кесимида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

    - Якка-ёлғиз фуқаролар, ногиронлиги бор, даромади паст, яшаш шароитини яхшилашга қурби етмайдиган оилалар хонадони ўрганилиб, уларнинг уй-жойларини таъмирлашда кетадиган сарф-харажатлар ўрганилмоқда, - дейди ишчи гуруҳ аъзоси туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ж. Ҳақбердиев. – Қайси хонадонга қандай қурилиш ашёлари зарурлиги ҳақидаги маълумотларни жамлаб, туман ҳокимига тақдим этамиз. Туман ҳокими эса ўз навбатида уларни керакли қурилиш материаллари билан таъминлаш чорасини кўради.

   Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида туманда “Фидойи ёшлар отряди” тузилиб, 40 нафар ишсиз ёшлар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Айни дамда улар кўмакка муҳтож оилаларнинг хонадонларини таъмирлаш ишларига жалб этилган. Жумладан, Бирлик маҳалласида яшовчи фуқаро Мушарраф Тўрақулова, ҳавзаклик Зарифа Зарипова ҳамда шу қишлоқда яшовчи Муҳаммад Жиянов, Ғўлба маҳалласида истиқомат қилувчи Бувиражаб Мелибоеваларнинг уйида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.

   Амалга оширилаётган ислоҳотлардан мақсад халқимизни рози қилиш, кам таъминланган  оилаларни қўллаб-қувватлаш, ногирон ва боқувчисини йўқотган фуқароларга давлатимизда олиб борилаётган одилона сиёсатни моҳиятини тушунтириш, уларни ёлғизлатиб кўймаслик, шу билан биргаликда уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш орқали даромадларини оширишга эришишдир.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди