Депутат 11 нафар ёшларни иш билан таъминлади  

     Ёшларни иш билан таъминлаш бугунги куннинг долзарб муаммоси эканлиги барчамизга маълум. Бу масала айниқса, депутатларнинг диққат марказида бўлиши ва бу борада амалий ишларга қўл ураётгани қувонарли ҳол, албатта.

     “Адолат” СДПдан Халқ депутатлари Тойлоқ туман кенгашига сайланган депутат Жамшид Рашидов ўз маблағи ҳисобидан сартарошхона ҳамда гўзаллик салони очиб, 11 нафар ёшларни иш билан таъминлади.

   Бугун туман марказида очилган ана шу маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда иштирок этганлар, депутатнинг ёшлар бандлигига қаратаётган эътибори ва саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этиб ўтишди. “Panterra” номи остида ўз фаолиятини бошлаган мазкур сартарошхона ҳамда “Parizoda” гўзаллик салонида мижозлар учун барча қулайликлар яратилган, замонавий жиҳозлар билан таъминланган.

    -Бугунги кунда ҳар бир истеъмолчи ўзига сифатли хизмат кўрсатадиган замонавий, саранжом-саришта ва қулайликларга эга бўлган, етук малакали ҳамда хушмуомала мутахассис фаолият юритадиган гўзаллик салонларидан фойдаланишни истайди, -дейди тадбиркор Жамшид Рашидов. -  Шу боисдан хизмат кўрсатишда  замон талабларига мос ва рақобатбардош бўлишига алоҳида эътибор қаратдик. Сартарашхонада 7 нафар ёш йигитлар, гўзаллик салонида эса 4 нафар хоти-қизлар меҳнат қилишмоқда. Келгусида тадбиркорлик борасидаги фаолиятимни давом эттириб, яна янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, айниқса ёшлар бандлигини таъминлашда ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди