Коронавируснинг бозорларга таъсири - нархлар ва захиралар ҳақида

    Бутун дунёни хавотирга солаётган коронавирус касаллигининг мамлакатимизга кириб келиши аҳолининг тинчини бузди. Илк бемор аниқланганлиги ҳамда  таълим муассасаларида карантин ҳолати эълон қилинганлигини эшитиб, хавотир ва саросимага тушган аҳоли ўзини савдо нуқталарига урди, одатдагидан кўп маҳсулот сотиб олишга ошиқди. Бу вазиятдан фойдалниб қолишга уринган айрим ноинсоф тадбиркорлар нарх-навони оширишди. Бироқ бу ҳолат узоққа чўзилмади. Оммавий ахборот воситалари, қолаверса, жойларда тузилган ишчи гуруҳлар томонидан олиб бороилган тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишлари ўз самарасини берди. Бозорларда вазият барқарорлашди. Одамлардаги саросима, хавотир ортга чекинди. Нарх-наво ҳам аввалги ҳолига келди.

    Бугун туманимиздаги савдо шаҳобчаларида ҳамда бозорларда нарх-навонинг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ вакиллари билан Давлатобод деҳқон бозорида бўлдик.

     Ҳар доимгидек фаолият юритаётган мазкур бозорда нархларнинг қимматлиги ёки маҳсулотларнинг етишмаслиги каби ҳолатларга дуч келмадик. Одамлар ҳам рўзғорига яраша маҳсулот харид қилишмоқда.

   - Биз ҳар доим мана шу бозордан рўзғор учун керакли маҳсулотларни харид қиламиз. Бугун ҳам одатдагидек, бир ҳафталик озиқ-овқат ва хўжалик маҳсулотларини олишга келдик. Нарх-навода ҳеч қандай ўзгариш сезмадик. Масалан, 7000 минг сўмдан гуруч, 9 минг сўмдан пахта ёғи, 1000 сўмдан сабзи, 700 сўмдан тухум, 52 минг сўмдан мол гўшти, 6000 сўмдан шакар харид қилдим. Бундан ташқари, бир халта Жомбой уни 140 минг сўм, Қозоғистонники 170 минг сўм, картошка 3500-4500 минг сўм, макарон 4,500 – 6000 сўм, нон 2000-3000 сўм, буханка нонлар эса 1500-1800 сўмдан сотиляпти. Одамларда ҳеч қандай саросима, хавотир каби тушкун кайфиятни кўрмадим, -дейди Муҳаббат Умарова.  

    - Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни Давлатобод деҳқон бозори фаолият кўрсатади. Эртадан бошлаб, мана шу бозор расталарида асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишга мўлжалланган савдо ярмаркасини ташкил этамиз. Шу ҳудудда яшовчи аҳоли ҳафта давомида керакли маҳсулотларини харид қилишлари мумкин. Ҳар қандай турдаги маҳсулотлар захираси яратилган, -дейди бизга ҳамроҳлик қилган Давлатобод деҳқон бозори раҳбари Шодибек Баракаев.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди