Табрик сўзи

Туман ҳокими Б.Садуллаевнинг “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 26 йиллик байрамига бағишланган тантанадаги

ТАБРИК СЎЗИ.

2018 йил 12 январь                                      Тойлоқ тумани Боғизағон маҳалласи 74116-сонли ҳарбий қисм

 

Ассалому алайкум!

Қадрли аскар ва сержантлар, офицерлар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари!

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Сизларни ва барча тантана иштирокчиларини мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги қутлуғ сана – Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 26 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Албатта, юртимизда байрамлар, тарихий саналар жуда кўп. Аммо юрт тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, давлатимиз чегараларининг дахлсизлигини таъминловчи қудратли куч – Ватан ҳимоячилари куни байрамининг алоҳида қадр-қиммати, аҳамияти, ўрни ва нуфузи бор.

Шунинг учун ҳам Муҳтарам Юртбошимиз томонидан мазкур байрамни мамлакат миқёсида энг улуғ, энг азиз байрамлар қаторида кенг нишонлаш, бугунги тинч-осойишта ҳаётимизни қадрлаш муқаддас вазифа сифатида белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, озод ва обод Ватанимиздаги осуда ҳаёт, сарҳадларимизнинг дахлсизлиги, бунёдкор халқимизнинг осойишталигини қўриқлашда ўз йигитлик бурчини юксак садоқат билан ўтаётган ҳарбийларимиз – Ватан ҳимоячиларининг хизматлари беқиёсдир.

Ҳеч шубҳасиз, ҳар қандай мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиши, ташқи хавф ва тажовузларга нисбатан муносиб равишда жавоб бера олиши, турли таҳдидларга қарши қатъий кураш олиб бориши учун замонавий қурол-яроғларга эга бўлган, профессионал армия - сув билан ҳаводек зарурдир.

Истиқлол йилларида Республикада ҳарбий округлар, чегара ҳудудлари ва махсус операцияларни ўтказишга ихтисослаштирилган қисмларнинг мукаммал ташкилий тузилмасига асос солинди, етарли даражада моддий-техника базаси яратилди.

Энг муҳими, бугун аскар ва зобитларимиз учун миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш – шарафли ва фахрли касбга, ҳар бир йигитнинг  ҳаётий орзусига айланган.

Бугун қалбида она-Ватанига садоқати юксак бўлган, жисмоний тобланган, маънавий ва интеллектуал жиҳатдан баркамол бўлган йигит-қизларгина ҳарбий бўла олади.

Тизимли асосда олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бир ёрқин самараси ўлароқ, қўшинларимизда шартнома асосида хизмат қилаётган сержантлар таркиби янада кенгаймоқда, сафарбарлик резерви хизматининг нуфузи эса тобора ошмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори эса ушбу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келган йигитларга берилаётган имтиёз ва имкониятларнинг яна ҳам кенгайишида муҳим омил бўлди.

Ҳар йили туманимиз ёшларининг кўпчилиги ана шу имтиёзлардан фойдаланиб, олий ўқув юртлари талабалари сафига кириш бахтига муяссар бўлишмоқда.

Азиз дўстлар!

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси Давлат Дастурининг 5 бўлими: Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлари белгиланиб, ушбу йўналишга асосан давлатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг жанговар қудрати ва салоҳиятини ошириш устувор вазифа қилиб белгиланди.

Бутун Республикамизда бўлгани каби туманимизда ҳам мамлакатимиз ҳарбий қудратини янада мустаҳкамлаш, ёшларимиз онгида ҳарбий ватанпарварлик руҳини янада тўлароқ сингдириш мақсадида шу кунларда тумандаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларида ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Албатта, мана шундай тинч, осойишта, фаровон кунларга ўз-ўзидан эришилмаганлиги барчамизга маълум. Ўтган 26 йиллик қисқа давр ичида бугунгидек профессионал армия даражасига кўтариш давлатимиз томонидан узоқни кўзлаб, тизимли олиб борилаётган стратегик ислоҳотларнинг ёрқин самарасидир.

Ўтган даврда чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, ўзи туғилиб ўсган муқаддас заминни қўриқлашда жонини фидо қилган мард ўғлонларимиз жасорати ҳар бир ўзбек йигитига юксак ибрат намунаси бўлиб қолади.

Мана шундай унутилмас дамларда ҳозирги тинч ва фаровон ҳаётимизни таъминлаш йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган йигитларимизнинг жасорати олдида чуқур таъзим қиламиз.

Бугун биз Сиз билан нишонлаётган “Ватан ҳимоячилари куни” байрами нафақат ҳарбийларнинг, балки ҳар бир йигитнинг, ҳар бир бўлажак Ватан ҳимоячисининг ва уларни дунёга келтирган оналари, доимо дуогўй бўлган ота-боболарининг ҳам ҳақиқий миллий байрамидир.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Мамлакатимиз улуғ алломалар, жаҳоний олиму фузалолар, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк саркардалар руҳи қўним топган муқаддас замин.

Бу юртда яшаш ва шу халқ осойишталигини таъминлаш энг машаққатли ва шарафли касб эканлигини яна бир бор таъкидлаб, барчангизга куч-қувват, енгилмас ирода ва мустаҳкам соғлик тилаймиз.

Сизнинг ўз хизмат вазифангизни бекаму-кўст бажаришда барча шароитларни муҳайё қилиб, фарзанд тарбиясидан бошлаб оиладаги барча ташвишларни ўз зиммаларига олиб, шараф билан бажариб келаётган турмуш ўртоқларингизга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз.

Барчангизга ана шундай тинч-фаровон заминни узоқ йиллар қўриқлаш насиб қилсин.

Байрамингиз муборак бўлсин азизлар!

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди