Тойлоқда пилла терими мавсуми бошланди

 

  Пиллачилик юртимиз қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан саналиши билан бирга, ипак ишлаб чиқариш ота-боболаримизнинг бой маданий мероси ҳамдир. Шу боис, мазкур қадриятни давом эттириш бугунги даврнинг муҳим масалаларидан саналади. 

   Ипак қурти боқиш, пиллачилик соҳасида ўзига хос тажриба мактаби шаклланган Тойлоқ туманида жорий йилда 159 тонна пилла хомашёси етиштириш мақсадида пиллачиларга 2796 қути ипак қурти тарқатилди.

  Умуман, туманда пилла етиштириш бўйича белгиланган барча ишлар режа асосида олиб борилди. Ипак қурти боқувчилар томонидан ипак қурти парвариши бўйича барча агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилди. Бундан ташқари, пилла етиштирувчилар учун мавсум аввалидан 300 минг сўмдан аванс пуллари берилди.

   Айни кунда туманда етиштирилган пиллани йиғиб-териб олиш ишлари бошланди. Ушбу жараёнда тумандаги “Тоҳиржон-Нурали-Умар” фермер хўжалиги пиллакорлари пешқадамлик қилмоқда. Улар туманда биринчилардан бўлиб пилла териш ва топшириш мавсумини бошлаб беришди.

    Мен пилла етиштириш бўйича 45 йиллик тажрибага эгаман, - дейди фермер хўжалиги раҳбари Ғавсиддин Умаров. – Сифатли ва мўл пилла етиштириш учун аввало кишида хоҳиш ва меҳр керак. Буни ўз тажрибамда синаганман. Бу йилги пилларимиз ҳар йилгидек яхши бўлди. Қилгоан меҳнатларимизнинг самарасини кўриб, қувоняпмиз, чачоқларимиз ҳам ёдимиздан чиқиб кетди. Худо хоҳласа, давлатга пилла топшириш режасини ортиғи билан бажарамиз.

  Бугун Ғавсиддин отанинг хонадонлари ҳашарчилар билан гавжум. Қўни-қўшнилар йиғилиб, ёшлик чоғларини хотирлаб, пилла теришмоқда. Чаққон келинлар эса елиб югуриб, ҳашарчиларга чой дамлаб, тандирда иссиқ нон ёпишди. Дўппидек ош дамлаб, ўзбекона дастурхон тузашди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди