Ёшлар учун “Бизнес саёҳат” ташкил этилди

   Маълумки июнь ойи давомида барча ҳудудларда «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида «Ёшлар ойлиги» ташкил этилиб, ойлик доирасида илк маротаба барча туман ва шаҳарларда 1 июндан 30 июнга қадар турли соҳалардаги танловлар, фестиваллар, интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари ўтказилиши режалаштирилган.

   Бугун Тойлоқ туманида “Бизнес марафон” лойиҳаси доирасида “Акмал Тошпўлатович” кўп тармоқли фермер хўжалигига саёҳат ташкил этилди. Унда фаол ва иқтидорли ёшлар, ҳарбий хизматчилар, спортчилар, ўқувчи ва талабалар, уюшмаган ёшлар иштирок этишди. Саёҳат давомида ёшлар фермер хўжалиги фаолияти билан яқиндан танишишди.

  Президентимиз кўп тармоқли фермер хўжаликларини катта фойда бериши ҳақида бот-бот такрорлайдилар. “Акмал Тошпўлатович” кўп тармоқли фермер хўжалиги раиси Дилшод Муҳаммадиев юртбошимизнинг юқоридаги фикрлари тўғри эканини ўз тажрибасида синаб кўрган тажрибали тадбиркорлардан десак янглишмаймиз.

    -Фаолиятимни 2006 йилда 17 гектар ерда ғалла, полиз ва сабзавот экинлари экиб, парваришлашдан бошлаган фермер хўжалиги бугунги кунда 77 гектар ер майдонида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан бирга, балиқчилик ва чорвачиликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. 
— Бундан ташқари 1 гектарга яқин иссиқхонамиз бор. У ерда памидор, бодринг етиштирамиз. Яқинда сут маҳсулотларини аҳоли дастурхонига тортиқ қилишни ҳам йўлга қўйдик. Қолаверса, мева ва сабзавот сақлаш совуқхонасини барпо қилдик, — дейди фермер хўжалик раҳбари Дилшод Муҳаммадиев.  — Маҳсулотларимизнинг барчаси сифатли ва харидоргир. Мен ҳам ишни таваккалчиликдан бошлаганман. Қўлимда маблағим ҳам йўқ эди, тармоқни кенгайтириш мақсадида дастлаб банкдан 100 миллион кредит олдим. Худога шукр меҳнатларим зое кетмади. Ҳозирда йиллик даромадим 400-500 миллон сўмни ташкил этади. Бунча пулни топиш учун қишин ёзин меҳнат қилиш керак бўлади. Сизларга маслаҳатим ҳеч иккинланмай тадбиркорлик фаолиятингизни бошлайверинг. Чунки бугун  ортингизда сизни қўллаб-қувватловчи кишилар, ташкилотлар бор.

    Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур фермер хўжаликда айни дамда сут ва гўшт йўналишида 300 га яқин Полша ва Украинадан келтирилган зотдор моллар боқилмоқда.  Улардан йилига 200 тоннадан ортиқ сут, 60-70 тонна гўшт маҳсулоти олиниб, аҳоли дастурхонига етказиб бериляпти Қолаверса, майдони 1 гектар бўлган ҳовузда  балиқ боқилиб, йилига 2-3 тонна балиқ етиштирилаётгани ҳам қувонарли ҳол. Бундан ташқари мазкур фермер хўжаликда ўтган йилда 1200 тонна мева-сабзавот ҳамда 153 тонна ғалла етиштирилди.

   “Акмал Тошпўлатович” кўп тармоқли фермер хўжалигида бўлган ёшлар  бу ерда амалга оширилган ишлардан катта таассурот олишди.

Нигина РАҲМАТОВА,

Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди