Қармишликларни қандай муаммо қийнамоқда?

 

  Жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг қабулларини давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари иштирокида ташкил этиш, раҳбар ходимларни халқ билан мулоқотга киришлари учун асос яратиш мақсадида жойларда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.

  Шу каби қабулларнинг навбатдагиси  бугун Олмазор маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қармиш қишлоғида ўтказилди. Унда туман ҳокими Б. Бабоназаров, туман адлия бўлими бошлиғи А. Ғафоров, туман ИИБ бошлиғи Ш. Тоғаев ҳамда корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.

    Сайёр қабулда фуқаролардан йўлларни таъмирлаш, болалар боғчаси қуриш, моддий ёрдам, уй-жой, газ баллон каби масалаларда жами 45 та мурожаат келиб тушди.

 

    -Қишлоғимизда 320 та хўжалик яшайди. Аҳолининг кўпчилик қисмини ёшлар ташкил этади. Бироқ уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун шарои йўқ. Бизга болалар боғчаси, спорт зал, стадион, кутубхона ташкил қилиб беришингизни сўраймиз, - деб мурожаат қилди Розия Худойқулова.

    Халқ номидан гапирган Розия опанинг мурожаатига туман ҳокими кўпчиликнинг олдида жорий йилнинг октябь ойига қадар Қармиш қишлоғининг йўлларини таъмирлаш, янги трансформатор ўрнатиш, симёғочларни алмаштириш, ичимлик суви учун тармоқ тортиш каби ишларни бажаришга ваъда берди. Шунингдек, маҳаллада спорт зал, кутубхона, министадион қуриш учун тадбиркорларга ер ажратиш бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарларига топшириқ берди.

   Бундан ташқари туман раҳбари қармишликларга томорқачиликни ривожлантириш, иссиқхона барпо этиш, хотин-қизлар уйда ўтириб ҳам пишириқчилик, тикувчилик қилиш, оилавий боғча очиш орқали ҳам оила даромадини оширишлари мумкинлиги ва бунинг учун барча имкониятлар етарли эканлигини, бу борада муаммо пайдо бўлса, астойдил ёрдам беришини таъкидлади. 

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди