Обод маҳалла юрт кўрки

   Халқимизда “Сариштали уй фариштали уй” деган нақл бежизга айтилмаган. Чиндан ҳам саранжом-саришта жойда фаришта, ҳар бир ишда қут-барака, файз, унум бўлади. Қиз-келинларимизнинг саҳар туриб, ҳовли-эшик олдиларини супириб-сидиришлари, сув сепиб қўйишлари энг сара ­ўз­бекона қадриятларимиздандир.

   Афсуски, бундай қадриятларимиз кейинги пайтларда бироз сусайгандек, назаримизда. Тўғриси, баъзи одамлар феъл-атворида лоқайдлик, боқимандалик кай­фия­ти ҳукмронлик қилмоқда. Аҳоли, тадбиркорлик объектлари, умумий овқатланиш шаҳобчалари ходимлари озодаликка беэътиборлик билан қараб, санитария гигиена қоидаларини унутиб қўйишяпти. Айниқса, йўл ёқаларидаги тартибсизликлар киши дилини хира қилади.

   Ички ва ташқи туризмни ривожлантиришда эса мана шу кичик камчиликлар ҳам салбий таъсир ўтказади. Шу боисдан ҳам туман маҳаллалари, айниқса, халқаро йўл ёқасидаги маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

   Хусусан, туман ҳокими Б. Бабоназаров бошчилигидаги сектор ҳамда туман ташкилотлари раҳбарлари туман маҳаллаларини айланиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўришди. Тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, бино пешлавҳасидаги ёзувларнинг давлат тилида, бехато ёзиш кераклиги тушунтирилди, умумий овқатланиш шаҳобчаларининг санитария ҳолати ўрганилди. Йўл ёқаларида кўзга ташланган хуник манзараларни ободонлаштириш, маҳаллаларда ҳашарлар уюштириш борасида топшириқлар берилди.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди