Вазифа ва функциялари

Қуйидагилар туман ҳокимининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Туман ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ва Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқаларни, аҳолини туманни бошқаришга жалб этишни таъминлайди;

Қонунларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларининг, юқори турувчи органлар ва халқ депутатлари туман Кенгаши қарорларининг ижросини ташкил этади;

ўзига берилган ваколатлар доирасида тегишли ҳудуддаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилади;

жамоат тартибига риоя этилиши ва жиноятчиликка қарши кураш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва саломатлигини муҳофаза этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўради, табиий офатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолларда тегишли ишларни ташкил этади;

аҳолини қабул қилишни ташкил этади, фуқароларнинг шикоятлари, аризалари ва таклифларини қараб чиқади, жойларда ташкил этилган “Халқ қабулхоналари” ни фаолият кўрсатишига ҳар томонлама кўмаклашади ва улар томонидан ташкил этиладиган қабулларда иштирок этади;

туманни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, туман бюджетининг асосий кўрсаткичларини ва уларнинг ижросига доир ҳисоботларни халқ депутатлари туман Кенгашининг сессияси тасдиғига тақдим этади;

Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан келишилган ҳолда туман ҳокимининг ўринбосарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади. Ушбу масалага доир қабул қилган қарорларини тегишли Кенгашларнинг тасдиғига киритади;

ҳокимлик бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди
ва лавозимдан озод қилади
;

берилган ваколатлари доирасида туман ташкилотлари раҳбарларини тайинлайди ва амалдаги тартибга асосан туман Кенгаши тасдигига киритади. Шунингдек, тегишли бўлим, бошқарма, корхона ва ташкилотлар раҳбарларини сайлаш ва тайинлаш бўйича юқори турувчи идораларига таклифлар киритади;

раҳбарлари тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ижроия ҳокимияти структура бўлинмаларининг ишини назорат қилади;

Халқ депутатлари туман Кенгаши ва туман ҳокими қабул қилган ва чиқарган ҳужжатларни бажармаганликлари учун мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида қонунда белгиланган тартибда тақдимнома киритади;

Давлат мукофотлари билан тақдирлашга доир илтимосномаларни қараб чиқади ва таклифлар киритади;

республика ва хорижда туманнинг расмий вакили сифатида иш кўради;

ўзига берилган ваколатлари доирасида умум манфаатни ифодаловчи тадбирлар ўтказиш, қўшимча корхоналар, хўжалик ташкилотлари тузиш учун, турли тармоқлар ва бошқарув соҳаларида фаолиятларни уйғунлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси бошқа туман ва шаҳарларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан шартномалар асосида ўзаро муносабатлар ўрнатади;

тумандаги маҳаллий давлат ҳокимияти ижроия органларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларини, Ўзбекистон Республикаси қонунларини, Олий Мажлис палаталари қарорларини, Президент Фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек халқ депутатлари туман Кенгашининг ҳамда туман ҳокимининг қарорлари ва фармойишларини бажариш бўйича фаолиятларини назорат қилади;

заруриятга қараб, аммо бир йилда камида 2 марта халқ депутатлари туман Кенгашининг сессиясини чақиради, сессияни олиб боради, кун тартибига киритиладиган масалаларни таклиф қилади, унинг ҳужжатларини имзо қўйиб тасдиқлайди;

олиб бораётган ишлари ва раҳбарлик қилаётган бошқарув органларининг фаолияти ҳақида йилда бир марта халқ депутатлари туман Кенгашига ахборот беради;

туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар идоралари билан ҳамкорликда иш олиб боради;

янги технологиялар ва техникаларни жорий қилиш орқали иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, бунда янгиликларни ўзлаштиришга юқори даражадаги қобилиятли илмий ва интеллектуал салоҳиятдан самарали фойдаланиш чораларини кўради;

давлат стратегик ва сафарбарлик захираларини шакллантиришни,
шу жумладан, уларни тўплаш, сақлаш ва янгилаб боришни, шунингдек давлат стратегик ва сафарбарлик захираларидан белгиланган тартибда тезкорлик билан фойдаланишга доимий тайёр бўлишни таъминлаш ишларини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш, чегаралар яқинидаги муоммаларни ҳал этиш, нолегал миграцияга қарши курашиш, республика ҳудудига товарлар ва контрафакт маҳсулотларни ноқонуний олиб кириш масалалари билан боғлиқ тадбирларни белгиланган тартибда амалга оширади;

ҳоким режалаштириш, бюджет, молия, ҳисоб-китоб, туман, мулкини бошқариш, мулкчиликнинг турли шаклига мансуб корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан ҳамжиҳатлик қилиш, қишлоқ хўжалиги, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш, қурилиш, транспорт, йўл хўжалиги ва алоқа, аҳолига коммунал, савдо ва ижтимоий-маданий хизмат кўрсатиш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш соҳасида қонун ҳужжатларида ўз ваколатига берилган бошқа масалаларни ҳам ҳал этади.

Туман ҳокими ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ҳужжатлар туман ҳудудида жойлашган барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

2015-2018 © TAYLOQ TUMAN HOKIMLIGI. Sayt SAKTRM tomonidan ishlab chiqildi