Табрик сўзи

Тойлок туман ҳокими Б.К.Бабоназаровнинг ватан ҳимоячилари куни байрамига

 ТАБРИК СЎЗИ

                                                                     

Ҳурматли аскар ва сержантлар!

Қадрли тумандошлар!

 

Сизларни, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган сиз, азму шижоатли миллий гвардия ходимларини шарафлаб, халқимиз, мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлидаги хизматларингиз учун барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман.

Айнан ҳарбийларимиз ерда ва кўкда, сувда ва қуруқликда олиб бораётган мардона хизматларингиз туфайли осмонимиз мусаффо, болаларимиз, мўътабар оналаримиз, кексаларимиз хотиржам яшамоқда, юртимиз обод, халқимиз ҳаёти фаровон бўлмоқда.

Муҳтарам миллий гвардия ходимлари!

Мана шу байрам кунларида барчамиз Ватан, халқ ва армия бири-бирига нақадар яқин ва муштарак эканини ҳар қачонгидан ҳам теран ҳис этмоқдамиз.

Бу борада армия ва халқ бирлигини таъминлашга қаратилган мутлақо янги тузилма – миллий гвардиянинг тизимини туманда  самарали фаолият юритаётгани ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Ана шундай ислоҳотлар туфайли “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради.

Қадрли дўстлар!

Дунё миқёсида халқаро терроризм, экстремизм каби хавф-хатарлар, миллий ва глобал хавфсизликка қарши таҳдидлар тобора ортиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-яроғ ва аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш энг устувор вазифамиз бўлиб қолмоқда.

Муҳтарам юртбошимиз раҳбарлигида давлатимизнинг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича қатъий позициясини ифода этадиган янги Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилди. Амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз тезкор ва ихчам, ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба беришга қодир бўлган жанговар кучга айланиб бормоқда.

Барчамиз яхши англаймиз: бу борада ҳар бир ҳарбий хизматчининг профессионал билим ва малакаси, ақлий салоҳияти, руҳий тайёргарлигини ошириш, уларда ватанпарварлик фазилатларини камол топтириш ўта муҳим аҳамиятга эгадир.

Қадрли миллий гвардия  ва жасур Ватан ҳимоячилари!

Сизларни, Сизлар орқали  ота-оналарингиз, оилаларингизни бугунги шону шараф айёми – Ватан ҳимоячилари куни билан яна бир бор табриклар эканман, Сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, олижаноб ва масъулиятли фаолиятингизда улкан ютуқлар тилайман.

Барчангизга эл-юртимизнинг юксак меҳри ва ишончи доимо ёр бўлсин!

2015-2018 © GOVERNMENT OF TAYLOKH DISTRICT. Maked my SAKTRM