Депутат муаммоларни ҳал этишга кўмаклашаяптими?

     Бугун раҳбарлар ва давлат идоралари вакиллари “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган асосий тамойил асосида фаолият юритишлари, мана шу фикр уларнинг шиорига айланиши шартлиги таъкидланаяпти.  Президентимизнинг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида ҳам юқоридаги фикрларга тўхталди. Айниқса, депутатлар фаолиятига қаратилган мурожаат уларнинг масъулиятини оширди, десак янглишмаймиз. Хўш, бугун депутатлар аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва йўл харитасини ишлаб чиқиш, уларни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга ошириш борасида қандай ишларни амалга оширмоқда? Ушбу саволимизга туман кенгашига 1-Сочакипоён сайлов округидан сайланган депутат Қаҳрамон Ражабов суҳбат давомида аниқлик киритиб ўтди:

    -Жорий йилнинг бошида сайловчилар билан учрашдим. Уларнинг таклиф ва муаммоларини эшитиб, ўргандим ва қилиниши зарур бўлган муҳим масалаларни йиллик иш режамга киритдим. Жумладан, фуқаролар ички йўлларни таъмирлаш, қишлоқ қабристонини ободонлаштириш, электр тармоқларини янгилаш, тоза ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ижобий ҳал этиш кераклигини айтишди.Сайловчилар ички йўлларимиз асфалть бўлишини кутиб ўтирмай ҳомийлар ёрдамида кўчаларга тош тўкиб, таъмирлаш, шунингдек, қишлоқ қабристонини ҳам ободонлаштириш таклифини билдиришди. Хончорбоғ” ҳамда Беклар маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари О. Тошпўлатов ҳамда Қ. Раҳимовлар билан биргаликда ҳомийлар билан учрашиб, суҳбатлашдик. “Кўпдан қуён қочиб қутулмас” деганларидек, маҳалла аҳлининг ёрдами ва саъй-ҳаракатлари билан 11-мактабга бориш йўлига тош тўкилиб, текисланди.

      Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, қишлоқ қабристонини ободонлаштиришда тадбиркор Отабек Эргашев  ўз ҳисобидан қабристон атрофидаги ариқларни латок қилиш, йўлакларга плита териш, фасад қисмини таъмирлаш каби ишларни бажаришни  зиммасига олди.

     Тоза ичимлик суви масаласида Самарқанд вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси туман филиали раҳбари   номига депутатлик сўрови юбордим ва белгиланган муддатда жавоб хатини олдим. Унда маҳаллани тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш мақсадида давлат дастури асосида 385 миллион сўм маблағ ажратилганлиги, жорий йилнинг 1-чораги якунига қадар сув тармоғини тортиш ишлари якунига етказилиши маълум қилинган. Бундан ташқари, Вилоят йўл таъмири давлат унитар корхонаси ҳамда вилоят электр таъминоти корхоналари раҳбарларига депутатлик сўрови юбордим.

   Бугунги куннинг яна бир муҳим масалаларидан бири аҳоли ўртасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрдаги “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма Қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, мазкур қарор асосида ишлаб чиқилган Низом талаблари ижросини таъминлашдан иборат. Шу масалада сайловчилар билан учрашдик ва тўй-маъракаларни ўтказиш тартибини белгилаб олдик. Албатта, ҳамкорликда, аҳил ва ҳамжиҳат, бамаслаҳат ишласак,  аҳоли ўртасида ушбу қарорнинг мақсад ва моҳиятини тўғри тарғиб қилиб, уларнинг онгига, қалбига сингдира олсак, кутилган натижага эриша оламиз.  

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © ХОКИМИЯТ ТАЙЛАКСКОГО РАЙОНО. Сайт разработан SAKTRM