«Бир қарич ернинг бўш турганини кўрсам, тинчим йўқолади»

   Томорқани «кони фойда», «беминнат хазина», «даромад манбаи» дейишади. Бу фикрлар бугун ё кеча пайдо бўлгани йўқ. 
     Меҳнаткаш халқимиз азал-азалдан заминга меҳр бериш орқасидан нафақат ўз рўзғорини, балки эл дастурхонини тўкин қилишга уриниб келган. Фасллар, табиат кишилардаги кўплаб ҳақиқатларни очиб беради. Юрагида шижоати инсон борки, нимадир экишга, ҳосил олишга ҳаракат қилади.
   Таллиота маҳалласида истиқомат қилувчи Мавлуда Суюнова ҳам 36 йилдан бери ўз томорқасида ишлаш орқасидан «тилло топган»лардан. Бугун унинг ҳовлисида сабзавот ва мевали дарахтларнинг истаган турини топишингиз мумкин. Йил ўн икки ой опанинг оиласидагилар тиним билишмайди. Кўпчилик деҳқонларнинг қўли бўшаб қоладиган қиш ойларида ҳам улар иссиқхонага қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари уруғини қадаб, парваришлаш билан банд бўлишади. 
— Бир ойдан буён эл дастурхонига сабзи етказиб бераяпмиз дейди опа фахр билан. — Ҳадемай қизил лавлаги ва шолғомимиз тайёр бўлади. Ундан сўнг салатлик маккажўхоримиз пишиб етилади. Кейин, олволи, ўрик, анжир, нок галма-галдан пишади. Томорқамиздан келган даромад орқасидан тўйлар қилдик, уйлар қурдик. Худо хоҳласа бу йил ҳам келин олиш ниятидамиз. Хуллас, кўриб турганингиздек, томорқа хазина манбаи. Бир қарич ернинг бўш турганини кўрсам, тинчим йўқолади, даров бирор нарса эким келади...
Завқу шавқ билан гапираётган Мавлуда опанинг шижоатига, гуркираб ётган боғига, кўзни қувнатадиган ям-яшил томорқасига ҳавасим келди. Қани эди ҳамма ҳам «Сен ерни боқсанг, ер сени боқади» мақолининг моҳиятини англаб етса. 

Дилрабо Камолова.

2015-2018 © GOVERNMENT OF TAYLOKH DISTRICT. Maked my SAKTRM