Кириш сўзи

Тойлоқ туман ҳокими П.Т.Ахмедовнинг халқ таълими ходимларининг туман август конференцияси очилишидаги

 КИРИШ СЎЗИ

Тойлоқ тумани                                                  2017 йил 18 август 13-мактаб 

                                                                            Соат  9.00

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам устозлар!

Қадрли анжуман иштирокчилари!

 

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида таълим соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар таълим-тарбия сифатини ошириш, ўқитиш мазмунини янгилаш, такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, жисмонан соғлом, маънан етук, баркамол авлодни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитлар яратиб берди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил
7 февралдаги ПФ-4947-сонли “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармойиши билан 2017-2021 -йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниши халқ таълими тизимида ўзига хос аҳамият касб этди.

Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи — “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” бўлимида таълим ва фан соҳасини янада тараққий эттиришнинг қуйидаги аниқ чоралари белгилаб берилди:

  •  таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, компютер техникаси ва ўқув-методик қўлланмалар билан жиҳозлаш бўйича ишларни амалга ошириш орқали уларнинг моддий - техника базасини мустаҳкамлаш;
  • мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, болаларнинг интеллектуал, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун ушбу муассасалардаги шарт-шароитларни тубдан яхшилаш, болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олинишини жиддий ошириш ва фойдаланиш имкониятларини таъминлаш, педагог
    ва мутахассисларнинг малака даражасини юксалтириш;
  • умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, чет тиллар, информатика ҳамда математика, физика, кимё, биология каби талаб юқори бўлган фанларни чуқурлаштирилган тарзда ўрганиш;
  • болаларни спорт билан оммавий тарзда шуғулланишга, мусиқа ҳамда санъатга жалб қилиш мақсадида янги болалар спорти объектларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш каби вазифалар белгиланган.

Халқимиз давлатимиз Мустақиллигининг 26 йиллигини аъло кайфиятда кутиб олишга ҳозирланаётган шу кунларда, ўтган қисқа давр ичида амалга оширилган ишлар чуқур таҳлил қилинмоқда. Яқин ўтмишдаги манзара бугунги кунда эришилган муваффақиятлар билан таққосланаяпти. Ана шу ютуқлар орасида яққол кўзга ташланиб тургани таълим - тарбия соҳасида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлардир.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг
16 июн куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманига ташрифлари давомида таълим  тизимини тубдан ислоҳ қилиш, иқтидорли ёшларни қўллаб қувватлаш, умумтаълим мактабларида 10-11-синфларни ташкил этиш бўйича берган таклифлари асосида республикамиз умумтаълим мактабларида ўқувчи ёшларимиз эндиликда 11 йиллик таълим олиш ҳуқуқига эга бўлишди.

Дарҳақиқат, ўқувчи ёшларни барчасини ҳам 3 йил давомида касб – ҳунар коллежларида мажбурий ўқитиш кутилган самарани бермади. Бугунги кунда 9-синф битирувчилари болаликдан ўсмирликка ўтиш даврида ўрганган жамоасидан ажралиб, турли ҳудудлардан келган турли характердаги ўқувчилардан шаклланган жамоага мослашиши қийин кечмоқда. Ҳудудлардаги касб-ҳунар таълим муассасаларининг тарқоқ жойлашганлиги, об-ҳаво ноқулай бўлган кунлари ўқувчилар давоматининг пасайиб кетишига олиб келмоқда. Таҳлиллар натижаларига кўра
ота-оналардан ўқувчиларни таълимнинг кейинги босқичига қамраб олиш бўйича олинган фикрномалар асосида тумандаги 75,2 % ўқувчилар таълимнинг кейинги босқичини 10 синфда давом эттириш истагини билдиришди.
Бу ўқувчилар келажакда давлат намунасидаги диплом олишади ва эгаллаган касби бўйича халқ хўжалигининг турли соҳаларида ишлаш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.

Шу билан бирга 11 синфни тугатган ёшларимиз олий ўқув юртларига ҳам кириш ҳуқуқини олишади.

2017 йил 30 июнь куни Тошкентдаги Симпозиумлар саройида бўлиб ўтган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг
IV қурултойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатини тугатиб, унинг ўрнида Ўзбекистон ёшлар иттифоқини тузишни таклиф этган эди. Мазкур таклиф қурултой делегатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланганди.
5 июль куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилик қилди. Ушбу йиғилишда Адлия вазири М.Икрамов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
2017 йил 5 июль санасидан расман нодавлат нотижорат ташкилот сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлигини маълум қилди.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ҳафтанинг пайшанба кунини жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни, деб эълон қилиш таклиф этилган эди.

Соҳадаги камчиликлар, айниқса, ўғирлик ҳамда фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларнинг ҳар бештадан биттаси фош қилинмай қолаётгани, ёшлар ва аёллар -жиноятчилиги камаймаётгани, 2016 йилда академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари мингдан зиёд жиноятга қўл ургани, умумий жиноятларнинг олтитасидан биттасини хотин-қизлар содир этгани, тергов идоралари томонидан жиноят ишлари юзасидан қисқа муддатда қонуний қарорлар қабул қилиш имконияти мавжуд бўлса-да, қўшимча суриштирув ва тергов ҳаракатлари талаб этилмайдиган материаллар бўйича асоссиз равишда муддатни узайтириш ҳамда бошқа қатор камчиликлар мавжудлиги танқид қилинганди.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишларни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматлари ва ҳудудий ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, ҳар пайшанба — профилактика куни, деб эълон қилиниши муносабати билан ҳудудларда содир этилган жиноятлар, улар сабаблари ҳамда олдини олиш бўйича тадбирлар профилактикаси юзасидан учрашувлар ўтказилмоқда. Уларда ушбу йиғилишларда туман ҳокимлиги, ички ишлар органлари, прокуратура, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда жойларда содир бўлган жиноятларнинг сабаб ҳамда оқибатлари атрофлича муҳокама қилинаётир.

Президентимиз мазкур видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, фуқаролар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, халқ билан ҳамнафас бўлиб яшаш ҳамда инсон манфаатларидан келиб чиқиб ишлаш бугунги давр талабига айланиб улгурди. Ушбу жараёнда ички ишлар органларининг ҳар бир ходими юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, инсонлар хотиржамлигини таъминлашдек мураккаб, айни вақтда шарафли вазифани бажариш учун бор билим ва салоҳиятини ишга солиши лозимлигини яна бир бор чуқур ҳис этди, десак, айни ҳақиқат.

 

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

 

Парламентимиз юқори палатасининг мажлисида кўриб чиқилган янги таҳрирдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун келажагимиз эгалари ҳаётида муҳим тарихий воқеа бўлди.

Дарҳақиқат, навқирон авлод ҳар бир мамлакатнинг эртанги куни, жамиятда ўзгаришларга сабаб бўладиган, бунёдкорлик ғояларини ҳаётга татбиқ этувчи муҳим куч, салоҳиятли ресурс ҳисобланади. Албатта, ёшларни ижтимоий, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини тўлақонли рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига қулай шароит яратиш орқали уларни юрт тақдири ва келажагини ҳал қилувчи катта кучга айлантириш мумкин. Шунинг учун ҳам мустақилликнинг дастлабки ойларидан эътиборан янги давлат ҳамда жамиятни барпо этиш билан боғлиқ кун тартибидаги долзарб масалалардан бири сифатида ёшларга оид давлат сиёсати ва уни амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Ана шу саъй-ҳаракатлар давоми сифатида 1991 йил
20 ноябрда, давлат мустақиллиги эълон қилинганидан кўп ўтмай, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжат мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг миллий концепцияси ҳамда айнан эртамиз эгалари манфаатларини ишончли муҳофаза этишга қаратилган дастлабки ҳуқуқий ҳужжат бўлди, десак, муболаға эмас. Унда нафақат ёшлар бўйича давлат сиёсатининг мақсад ва тамойиллари, ҳатто, бугунги кун нуқтаи назаридан улар билан боғлиқ ўта принципиал масалалар ҳам ўз аксини топди. Қонунда илк бор ёшлар ҳаётига оид сиёсат ҳамда дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ёшларимизнинг бевосита иштирок этиши асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди.

Бугун ғурур билан айтиш керакки, мамлакатимиз таълим соҳасига йўналтирилаётган йиллик харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10 — 12 фоизини ташкил қилмоқда. Ваҳоланки, жаҳон тажрибасида бу кўрсаткич ўртача
3 — 5 фоиздан ошмайди. Бу маблағлар ҳисобига юртимизда ҳар йили юзлаб таълим муассасалари — мактаб, коллеж ва лицейлар, олий ўқув юртлари қайта таъмирланиб, замонавий моддий-техника базасига эга бўлиб, республикамизнинг энг узоқ қишлоқларида ҳам спорт мажмуалари қад ростламоқда.

Хуллас, янги таҳрирдаги Қонун ёшлар таълим-тарбияси борасидаги ишларимиз самарадорлигини ошириш, ўғил-қизларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган шарт-шароитларда таълим олиши, касб-ҳунарларни ўзлаштиришлари учун қўшимча кафолатлар яратади.

Азиз устозлар!

Бугунги кунда туманимизда  58 та умумтаълим мактаблари,
40 та мактабгача таълим муассасалари, 1 та “Баркамол авлод” болалар маркази, 1 та болалар-ўсмирлар спорт мактаби, 1 та Мусиқа ва санъат мактаби фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларда 29207 нафар ўқувчи ёшлар таълим тарбия олмоқда.

Президентимиз Ёшлар тарбияси ҳақида сўз юритар экан, бу борада шошмаслик, ёшлар ва ота-оналарнинг
талаб-истакларидан келиб чиқиб, ҳар томонлама пухта ўйлаб иш тутиш кераклигини таъкидлади. 

Жорий йилда ташкил қилинган ҳар бир таълим муассасасида ички ишлар профилактика нозирлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари учун алоҳида хоналар ажратилиши оила, маҳалла, таълим муассасаси концепциясида кўрсатилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда ўқувчилар давоматини назоратга олишни кучайтиради.

2017 йил Инвестиция дастурига кўра туман бўйича жами 11 та таълим муассасаларида қурилиш ишлари якунига етказилмоқда.

Жумладан, тумандаги 7 та (8, 25, 32, 38, 43, 51, 53) мактабларда ва 2 та (7 МТМ ва 33 МТМ) мактабгача таълим муассасасида капитал реконструкция, 2 та (47 ва 50) мактабларда мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етиш арафасида. Ушбу қурилиш ишлари учун давлатимиз томонидан жами 8 миллиард 348 миллион сўм сарфланмоқда.

 

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Устоз ёки мураббий учун ўз шогирдининг муваффақиятини кўриб фахрланишдан ҳам ортиқ бахт бўлмаса керак.

Ҳурматли устозлар!

Бугун соҳанинг ривожи ва уни замон билан ҳамнафас равишда ўзлаштириш масъулияти ҳар бир соҳа вакилидан тинимсиз меҳнат ва машаққат талаб қилади.

Лекин соҳанинг  ўтган даврига  синчков назар  ташласак, айрим камчилик ва нуқсонлар ҳам кўзга ташланади.

Ўсиб келаётган ёш авлодни ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши, соғлом турмуш кечириши учун имкониятлар яратиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ўқувчилар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, уларни салбий таъсирлардан сақлаш мақсадида Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларнинг фаолиятини такомиллаштириш, уларни рағбатлантириб бориш тизимини жорий этиш бўйича яна бир топшириқ берилган эди.

Халқ таълими бўлими раҳбарияти, қолаверса, жойлардаги таълим муассасалари раҳбар кадрларни тайинлаш масаласига чуқурроқ ёндашишлари, ушбу лавозимларга виждонли, билимли ва компетентли раҳбарларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйишлари зарурдир.

Ҳар йили баҳор ойларидан бошлаб янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасида қатор чора - тадбирлар белгиланади.

Жорий йилда умумтаълим мактаблари ўртасида “Энг обод таълим муассасаси” республика кўрик – танловининг вилоят босқичида Тайлоқ тумани 14- умумтаълим мактаби
3-ўринни эгаллади.

Албатта, аксарият таълим муассасалари раҳбарлари бу топшириқларга виждона ёндашиб, барча муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиб келмоқда.

Лекин яқинда ўтказилган ўрганишлар давомида турли важлар билан куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўрмаган раҳбар ходимлар борлигининг гувоҳи бўлдик.

Жумладан тумандаги 15, 16, 24, 25, 27, 30, 33, 36, 43, 49 ва 50 умумтаълим мактаблари директорлари ўз хизмат вазифаларига совуқонлик билан қараб, таълим муассаларини янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларига масъулиятсизлик билан қараган.

Албатта бу камчиликлар мендаги маълумотларга кўра бугун бартараф этилган ва айбдорларга нисбатан чоралар кўрилган. Лекин хоҳлардимки, ҳар бир раҳбар ўз ишига виждонан ёндашиб, жамият манфаатини ўз манфаатларидан устун қўйиб хизмат қилса, айтилган барча камчиликларга чек қўйилади.

Қадрли устозлар !

Бугун муҳокама қилинган ва сизларнинг фаолиятингизга қўшимча равишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар бизга четдан қараганда кўзга ташланган ва аҳоли ўртасида муҳокама қилинаётган камчиликларга барҳам беришга қаратилган тадбирлар, холос.

Бундан ташқари муҳтарам юртбошимиз, ҳукуматимиз томонидан сизларнинг олдингизга қўйилган биринчи галдаги топшириқлар кўлами кенг.

Шундай экан, юқорида айрим кўрсаткичларга баҳо беришда келгусида “Энг кўп иқтидорларни етиштирган таълим муассасаси”, “Ўқув йилида шикоят ариза ва турли ёзув - чизувлардан холи таълим муассасаси”, “Энг иноқ ва ота-оналар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган меҳнат жамоаси” каби номинацияларни жорий этиш вақти келди.

Бугунги муҳокамалар барча таълим муассасаларида янада чуқурроқ таҳлиллар асосида давом этишига, ҳар бир камчиликдан ҳулоса қилинган холда ўқув йилини яхши кайфият, янги куч ва янги ёндашув билан бошланишига умид қиламиз.

Барчангизни яна бир бор янги ўқув йили ва Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги билан табриклайман.

Машаққатли меҳнатизга муваффақият ва ишларингизда улкан зафарлар тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат!

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди