Тайлоқ тумани ҳокими П.Ахмедовнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган
тантанали тадбирдаги
ТАБРИК СЎЗИ
Тайлоқ тумани, 2016 йил 12 март,
Марказий ўйингоҳ Соат 9.00
Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Байрам иштирокчилари!
Юртимизнинг ҳар бир гўшасида катта тантана билан нишонланиб келинаётган, халқимизнинг энг ардоқли байрами – “Наврўз” мустақиллигимиз қайтариб берган шодиёналардан бири эканлиги билан ўзгача қадр-қимматга эга.
Муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг маънавий бойлигимиз ва анъаналарни тиклашга бўлган эътибори ва жонкуярлиги туфайли халқимиз бу байрамни яйраб-яшнаб нишонлаб келмоқда. Бир-бирига шодлик, қувонч, меҳр-муҳаббат улашадиган мана шундай кунларда, энг аввало, куй ва қўшиқлар янграйди, кўнгиллар шодликка тўлади.
Наврўзнинг фалсафасига, тарихи ва анъаналарига, ҳозирги кўринишига эътибор қилар эканмиз, унинг маънавий аҳамиятига алоҳида тўхталмоқ жоиз.
Аввало, бу байрам ҳаётнинг муҳим қисми бўлиб, ундаги энг йирик воқеа-ҳодиса, саналарни нишонлаш имконияти пайдо бўлади.
Иккинчидан, Наврўз ҳаётнинг энг яхши томонларини акс эттирадиган кўзгу бўлиб келган. Чунончи, кишилар байрам куни энг яхши одатларни намойиш қилишади, гўзал либослар кийишади, дармонга бой ва лаззатли таомлар тайёрлайди, ўзларидаги қобилиятни, ижодий ҳаваскорликни намойиш этишади.
Учинчидан, Наврўз – озодлик ва эркинлик кунидир. Одамлар кундалик иш ва ташвишлардан озод бўлиб, ушбу кунни шодиёна қиладилар.
Тўртинчидан, Наврўзда кун ва тун тенглиги ҳукмрон бўлади. Шунга монанд барча бир дастурхондан таом еб, бир хил томоша кўришади ҳамда сайлгоҳларда сайр қиладилар.
Бешинчидан, халқ одатларига кўра, Наврўзда хафачиликлар унутилади, ҳамжиҳатлик, дўстлик руҳи барқарор бўлади.
Ниҳоят, Наврўз кунларида вужудга келган кўтаринки кайфият кишиларни эртанги кунга умид боғлаб, порлоқ келажакка ишонч билан қарашга, ҳаётни янада гўзал қилишга ундайди.
Ҳурматли байрам қатнашчилари!
Халқимизнинг асрий анъаналарини ҳисобга олиб, “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади” деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғоя жамиятда чуқурроқ англаб етилишига ва қарор топишига йўналтирилган кенг чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг даражасини янада юксалтириш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, жамиятда оналарга алоҳида ҳурмат-эҳтиром муҳитини шакллантириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, оиланинг мустаҳкам, соғлом ва аҳил бўлишида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида юртбошимиз томонидан 2016 йил «Соғлом она ва бола йили» деб номланди.
Бу йилда амалга оширилиши режалаштирилган улкан ишлар ўз навбатида барчамизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.
Мамлакатимизда жисмоний соғлом, маънавий етук, ҳар томонлама уйғун ва баркамол ривожланган, мустақил фикрлайдиган, интеллектуал салоҳиятга, чуқур билим ва замонавий дунёқарашга эга, ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиб келаётган аёлларимизни янада кадрлашимиз ва иззат икром қилишимиз даркор!
Ҳурматли дўстлар!
Наврўз меҳр-оқибат, одамийлик, хайр-мурувват айёмидир. Халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бундай эзгу фазилатлар барча анъана ва удумларимизда, марака ва маросимларимизда, айниқса, Наврўз фалсафасида теран намоён бўлади.
Маҳалла-кўй, эл-юрт ҳамжиҳатликда ҳашарга отланади. Ариқ-зовурлар тозаланади, кўча ва гузарлар, зиёратгоҳ ва қабристонлар тартибга келтирилади. Бунинг исботи сифатида шу кунларда юртимиз бўйлаб ўтказилаётган умумхалқ ҳашарини эсласак кифоя.
Наврўз кунларида эл-улус бир бўлиб кўмакка муҳтож кишиларга беминнат ёрдам беради. Беморлардан ҳол-аҳвол сўралади. Табаррук кексаларнинг дуоси олинади.
Қадрли тантана иштирокчилари!
Наврўзда бунёдкорлик, яратувчанлик ишларига тамал тоши қўйилади. Бугун халқимизнинг бетимсол бунёдкорлик салоҳияти, мамлакатимизда кечаётган ўзгаришу янгиланишлар, қишлоқларимизда қад ростлаётган бири-биридан гўзал бинолар ҳақида қанча гапирсак оз.
Қадрли тантана қатнашчилари!
Яшариш, гўзаллик ва навқиронлик фасли – Наврўзи олам билан барчангизни, бутун туманимиз аҳлини самимий муборакбод этаман!
Ҳар бир хонадоннинг дастурхони тўкин-сочин, турмушимиз обод, ҳаётимиз фаровон бўлсин!
Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!