"Ўзмиллийбанк" Бошқаруви раисининг ўринбосари Ш.Ш.Жумаевнинг жорий йил якунига қадар янги иш ўринлари яратиш, инвестицияларни жалб қилиш, тумандан ҳозирда хорижда ишлаётган ватандошларни қайтариб, доимий иш ўринлари билан таъминлаш йўналишларда амалга ошириладиган ишлари юзасидан
Тойлоқ тумани аҳолисига
МУРОЖААТИ
Жорий йилнинг 24-август куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича жойларда олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Самарқанд вилоятига ташриф буюрдилар.
Ташриф якунлари бўйича Президентимиз раҳбарлигида кенг жамоатчилик ва фаоллар иштирокида таҳлилий-танқидий йиғилиш ўтказилиб, йил якунига қадар ҳар бир соҳа ва тармоқларда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб берилди.
Мен бириктирилган вилоятнинг Тойлоқ туманида йил якунига қадар янги иш ўринлари яратиш, инвестицияларни жалб қилиш, тумандан ҳозирда хорижда ишлаётган ватандошларни қайтариб, доимий иш ўринлари билан таъминлаш каби йўналишларда қуйидагиларни ишларни амалга оширишни режа қилиб олдим.
Унда Тойлоқ туманида ҳар бир маҳалла кесимида Ўзмиллийбанк туман ҳокимлиги ҳамда тегишли ташкилотлар билан биргаликда ишсиз аҳолини бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш, инвестицияларни жалб қилиш устувор вазифа этиб белгиланди.
Бугунги кунда Тойлоқ туманида аҳоли сони 217,9 минг нафар, шундан меҳнат ресурслари 111,9 минг нафар, иқтисодий фаол аҳоли сони эса 87,4 минг нафарни ташкил этади. Туман иқтисодиётида банд бўлган аҳоли 79,2 минг нафарни, шундан расмий бандлар 25,6 минг нафарни, норасмий бандлар 38,0 минг нафарни, хорижга ишга кетган мигрантларнинг умумий сони 15,6 минг нафарни ташкил этди.
Йил бошида ишсизлар сони 8,2 минг нафарни ташкил этиб, ишсизлик даражаси 9,3 фоизга тўғри келган.
Тойлоқ туманидаги 13 та маҳаллада ишсизлик даражаси юқори бўлган 3 та маҳалла яъни Нуроний маҳалласида 9,6 фоиз ёки 199 нафарни, Дўстлик маҳалласида 9,4 фоиз ёки 152 нафарни, Тараққиёт маҳалласида 9,4 фоиз ёки 194 нафарни ташкил қилмоқда.
Ушбу маҳаллаларда ишсизлик даражасини камайтириш учун барча имкониятлар яратилган.
Жумладан, Ҳукуматимиз томонидан аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун туман бўйича 55,5 млрд.сўм, кредит маблағлари ажратилиши белгиланган бўлса, ҳозирги кунга қадар туман бўйича 42,1 млрд.сўм, имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.
Дастурлар доирасида эса, Ўзмиллийбанк томонидан умумий қиймати 52,3 млрд. сўм бўлган 9 та лойиҳаларга 14,3 млрд.сўм кредит ажратилиб 7 та лойиҳалар ишга туширилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 июндаги “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан "20 минг тадбиркор -
500 минг малакали мутахассис" Дастури қабул қилиниб, айнан янги иш ўринларини яратиш учун имтиёз ва прифиренциялар белгилаб берилди.
Туманда бу йўналишда 27 та тадбиркорлик субъектлари Дастур доирасида ўз лойиҳаларини амалга ошириши, 1 729 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.
Иш ўринларини ташкил этиш бўйича жойларда мавжуд бўш турган бино ва иншоотларда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш орқали янги иш ўринлари яратиш бўйича жами 16 та таклиф киритилган.
Бугунги кунда меҳнат мигрантларини кафолатли иш билан таъминлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳим вазифалардан биридир. Вилоят ташқи миграция агентлигининг маълумотларига асосан бугунги кунда Тойлоқ туманидан 15 600 нафар фуқаролар хорижга ишлаш мақсадида чиқиб кетган.
Шундан хорижга ишга кетган мигрантлар сони 4 минг 300 нафарни ташкил этган, 27,4 фоизга тўғри келмоқда.
Мигрантларнинг асосий қисми Россия Федерацияси ва Қозоғистон республикаси ҳисобига тўғри келишини инобитга олсак, йил якуни билан октябрь-ноябрь ойларида мигрантларнинг 2,8 минг нафари ўз яшаш жойларига қайтишлари кутилмоқда.
Йил якунига қадар туманда яна 7,1 минг нафар ишсизлар бандлигини таъминлаш вазифаси турибди. Уларни тўлиқ даромадли меҳнат билан таъминлаш мақсадида:
Биринчидан, қиймати 721,2 млрд.сўм бўлган 140 та инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 1 359 нафар аҳоли иш билан таъминланади.
Иккинчидан, “20 минг тадбиркор ва 500 малакали мутахассис дастури” доирасида 27 та тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар берилиши ҳисобига яратиладиган янги иш ўринларига 1 729 нафар ишсизлар ишга жойлаштирилади;
Мисол учун, Зарафшон маҳалласидаги “Агро плюс импекс” МЧЖ томонидан қиймати 5,0 млрд. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш лойиҳасини кенгайтириш ҳисобидан 51 та янги иш ўринлари яратилади.
Учинчидан, туманда 194 гектар ер майдонларини ижарага бериш ҳисобига 800 нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.
Тўртинчидан, туманда 750 гектарга томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш орқали жами 1 500 гектар ер майдонларининг ҳосилдорлигини ошириш, сердаромад қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари - картошка ва сабзавотчиликни янада ривожлантириш, ҳудудда 37,5 минг тонна маҳсулот яратилишида 820 нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.
Мисол учун, Ўзбекистон маҳалласида “Илғор Агротехнология” фермер хўжалиги томонидан лойиҳа қиймати 650 млн.сўмлик 25 гектар ер майдонига томчилатиб суғориш технологияси асосида сабзавот маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилади.
Бешинчидан, туманда М-39 магистрал ва А-377 халқаро автомобиль йўллари бўйида қиймати 98.2 млрд.сўм бўлган 52 та янги савдо ва сервис объектлари ишга туширилиб, 500 нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.
Олтинчидан, ҳозирда бўш турган 16 та бино-иншоотга (5936 кв.м) 7,3 млрд. сўмлик лойиҳалар амалга оширилиб, 54 та иш ўрни яратилади.
Еттинчидан, туманда 16,3 гектар ер майдонида ташкил этилган 5 та кичик ва ёшлар саноат зонасида умумий қиймати 65,3 млрд.сўмлик 30 та ишга тушаётган янги лойиҳалар ҳисобига йилига 8,2 млрд.сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 455 нафар янги иш ўринлари барпо этилади ва солиқ тушумлари учун 1,1 млрд.сўмлик қўшимча манба яратилади.
Мисол учун, Боғизоғон МФЙ ҳудудида жойлашган "Боғизоғон" кичик саноат зонасида "SOCHAK BARAKA EKSPORT" МЧЖ томонидан қиймати 11,5 млрд. сўмлик товуқ гўштини қайта ишлаш орқали маргарин ёғи ишлаб чиқариш лойиҳасида 10 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Саккизинчидан, маҳаллаларда қиймати 30 млрд.сўм бўлган 164 та кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш микролойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 400 нафар аҳоли иш билан таъминланади.
Тўққизинчидан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 25 млрд.сўм имтиёзли кредит ажратиш ҳисобига 1 320 нафар аҳолининг бандлиги таъминланади;
Ўнинчидан, 150 та янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ҳисобига, 400 нафар фуқаролар банд қилинади.
Қолаверса, аҳолини касаначилик, ҳунармандчилик, тадбиркорлик ҳамда ўзини-ўзи банд қилиш фаолиятига жалб қилиш учун субсидия асосида 1,4 млрд.сўмлик меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналар олиб берилиб, 400 нафар фуқаролар банд қилинади.
Шунингдек, тумандаги қишлоқ хўжалиги ерларидан унумли фойдаланиб, фермер хўжаликлари далаларида меҳнат қилаётган фуқаролар ва хотин-қизларнинг фаолиятини легаллаштириш орқали ишсизлар сонини сезиларли даражада камайтиришга эришилади.
Тойлоқ тумани ҳокими
______________ Б.Қ.Бабоназаров |
“Ўзмиллийбанк” АЖ бошқарув раиси ўринбосари
______________ Ш.Ш.Жумаев |