Туман ҳокими ёшларга мурожаат йўллади

   Бугун туманимиздаги 1-сон касб-ҳунар мактабида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди. “Ёшлар ойлиги” доирасида ўтказилган тадбир аввалида туман ҳокими Б. Бабоназаров ёшларга мурожаат йўллади.

    -Азиз ёшлар, юрагимда битта тилагим бор, ота-оналарингиз, устоз мураббийларингиз, қолаверса, ҳалқимизнинг Сизлардан кутаётган орзу умидларини амалий ишлар билан рўёбга чиқаришингизни чин дилдан истайман ва бу йўлда ҳорманг дейман. Ўқиш ўрганиш, доимий изланиш, илм фанга, тараққиёт чўққиларини эгаллашга интилиб яшаш доимо ҳамроҳингиз бўлсин, -деди туман ҳокими ўз мурожаатномасида.

   Шунингдек, туман ҳокими Б. Бабоназаров ўз мурожаатномасида туманда ёшларнинг билим олиши, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида туманимизда амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди:  

    “Ёшлар дафтар”ига киритилган 4780 нафар ёшлардан 881 нафарининг бандлигини таъминлашга, 350 нафар ёшларга ижтимоий психологик ёрдам кўрсатиш, соғлигини тиклаш масалаларига қаратилди.

    Йил бошидан 881 нафар ёшлар бандлиги таъминланди. Йўналишлар кесимида тахлил қилсак:

  - 225 нафари бўш иш ўринларига;

  - 32 нафари янги лойиҳалар ташкил этиш ва корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига;

  - 58 нафари вақтинчалик жамоат ишларига ишга жойлаштирилди.

   Тадбиркорлик фаолияти учун йил бошидан ҳозирги кунга қадар 382 нафар ёшлар учун 8 млрд.  980 млн сўм кредит маблағлари ажратилиб, 400 та иш ўринлари яратилди.

   Касб-ҳунарга ўқитиш орқали ёшлар бандлигига кўмаклашиш мақсадида йил бошидан бугунги кунга қадар 185 нафар ёшлар касб-ҳунарга ўқитилди.

   “Ёшлар: 1+1” лойиҳаси доирасида 1-2-чорак давомида 1092 нафар ёшлар тадбиркорлар ва ёшлар уста-ҳунармандларга бириктирилди.

   Субсидиялар ажратиш орқали 2021 йилнинг январь-май ойлари давомида 5 нафар ёшлар бандлигига кўмаклашилди. Улар учун35 млн.сўм маблағ ажратилди.

   2021 йилнинг I-II-чораги давомида “Ёшлар жамғармаси”да 890 млн. сўм маблағ шакллантирилиб, 505 нафар ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 889 млн. маблағ йўналтирилди.

   2020 йил 25 декабрь куни ўтказилган Ёшлар форуми ҳамда жорий йилнинг 27 январь куни “Ёшлар билан ишлашнинг алоҳида механизимини яратиш” бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш, уларга ер майдонлари ажратиб беришлари бўйича тасдиқланган низом асосида тумандаги 1025 нафар ишсиз ёшларга 100 гектар ер майдонлари ажратиб берилди.

    Мурожаатномадан сўнг туман ҳокими Б. Бабоназаров ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқотга киришди. У ўзининг ёшлигини, ўқиш ва ишидаги қийинчиликлар, шу билан бирга эришган мувоффақиятлари ҳақида сўзлаб берди. Ёшларга китоб билан дўст тутиниш кераклиги, ўқиш ва изланишдан тўхтамасликни, мувоффақиятга эришиш калити китоб эканлигни алоҳида таъкидлади. Шундан сўнг ёшлар туман раҳбарига ўз орзу-ниятлари, муаммолари ва таклифлари билан мурожаат қилишди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди