Туман ҳокимининг Ислом Каримов хотирасига бағишланган тадбирдаги нутқи

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишланган
“Хотира маросими”да туман ҳокими П.Ахмедовнинг нутқи.

 

Ассалому алайкум! Ҳурматли тумандошлар!

Ҳаммангизнинг хабарингиз борки, халқимиз, Ватанимиз бошига оғир мусибат тушди. Муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов 2016 йилнинг 2 сентябрь куни вафот этдилар. Муҳтарам юртбошимизнинг  Ватанимиз равнақи, халқимиз олдидаги буюк хизматларини ёдга олиш мақсадида “Хотирлаш маросимига” тўпландик.

Ислом Абдуғаниевич Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини, дунёда “Ўзбек модели” деган ном билан тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган, буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида ўчмас ва ёрқин из қолдирди.

 Халқимиз ўзининг қисқа муддат- 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларини ҳақли равишда айнан Президент Ислом Каримов номи билан боғлайди ва шу улуғ инсоннинг беқиёс хизматлари деб билади.

 Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилган.

Миллати - ўзбек. Олий маълумотли, Ўрта Осиё политехника ва Тошкент халқ хўжалиги институтларини тугатган. Муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликларига эга. Иқтисод фанлари номзоди.

Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлаган.

1961 йилдан 1966 йилгача В. П. Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади.

1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, бош мутахассисликдан Республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди.

1983 йилда Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Молия министри, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, Республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланди.

1986-1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби, 1989 йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби лавозимларида ишлади.

1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди.

1991 йил 31 август куни Ислом Каримов тарихий воқеа — Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди.

Ислом Каримов суверен ва мустақил Ўзбекистонни барпо этиш, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат яратиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда бу борада матонат ва жасорат кўрсатганлиги учун «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони, «Мустақиллик» ва Амир Темур орденлари билан тақдирланган. Шунингдек, у бир қанча хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан ҳам мукофотланган.

Ислом Каримов Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси. Айни вақтда у иқтисодиёт, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун кўплаб хорижий мамлакатлар университет ва академияларининг фахрий фан доктори ҳамда академиги этиб сайланган.

Ислом Каримов мамлакатимизда амалга оширилган улкан ишлар, тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори ва раҳнамосидир:

 • Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, мамлакат мустақил тараққиёт дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган атоқли давлат арбобидир;

• демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўла жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий муаллифи ва уни ҳаётга татбиқ этишнинг ташкилотчисидир;

• у марказий ҳокимият ва унинг жойлардаги бўғинларини ислоҳ қилиш, давлат, жамият ва инсон муносабатларини уйғунлаштиришга қаратилган янги сиёсий-ижтимоий тизим тамойилларини ишлаб чиқди ва амалга оширди;

• халқимизнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда илғор жаҳон тажрибаларини мужассамлаштирган иқтисодий ислоҳотларнинг янги моделини ишлаб чиқди. Бу ривожланиш йўли иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, қонун устуворлиги, ўтиш даврида давлатнинг бош ислоҳотчи эканлиги, ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш, кучли ижтимоий ҳимоя каби машҳур беш тамойилни ўз ичига олади ва у дунёда "Ўзбек модели" деб эътироф этилган;

• Ўзбекистон давлатининг ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга қодир Қуролли Кучлар, Чегара ва Ички қўшинларни замонавий ислоҳотлар асосида ташкил этиш ишига бошчилик қилди;

• КПСС Марказий Комитети бошчилигидаги кучлар Ўзбекистонда адолатсизлик ва тазйиқларни авж олдирган йилларда ўзбек халқининг номини ноҳақ таҳқир ва ҳақоратлардан ҳимоя қилиш, халқимизнинг ор-номусини, миллий ғурурини тиклашда фидойилик намунасини кўрсатди;

• халқимиз маънавий қадриятларига ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш, асраб-авайлаш ва ривожлантириш, муқаддас динимизни, урф-одатларимизни, бебаҳо тарихий меросимизни ҳаётга қайтаришни давлат сиёсати даражасига кўтарди;

• халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини юксалтириш, ўзбек номини бутун дунёга тараннум этишга улкан ҳисса қўшди;

• одамларнинг тафаккурини ўзгартириш, уларнинг онгида янги миллий ғоя, миллий мафкура асосларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш ишига раҳнамолик қилди;

• юртимизда тинчлик-осойишталикни, миллатлар ва фуқаролар ўртасида тотувлик ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш, уни сақлаш ҳамда мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшди;

• моҳият-эътиборига кўра, мутлақо янги таълим-тарбия тизими - Кадрлар тайёрлашнинг миллий дастурини яратиш ва уни амалга оширишда бевосита етакчилик қилди;

• маҳалланинг давлат ва жамият бошқарувидаги нуфузини ошириш, ваколат ва ҳуқуқларини кенгайтириш, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш тизими сифатида уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ташаббускори бўлди;

• юртимизнинг турар жойларида янги қурилишлар, шу жумладан, улуғ аждодларимизнинг қадамжоларини обод қилиш, иқтисодимизнинг салоҳиятини оширишда катта ўрин тутган йирик-йирик корхоналарни бунёд этишда, кўпгина шаҳар ва қишлоқларимиз, авваламбор, пойтахтимиз Тошкентнинг шакл-қиёфасининг тубдан ўзгаришига бевосита раҳбарлик қилди.

• Мухтасар қилиб айтганда, Ислом Каримов Ўзбекистон давлати ва давлатчилигини барпо қилиш, демократик фуқаролик жамияти қуриш асосларини яратди, мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини ишлаб чиқди, юртимизнинг ёруғ истиқболи йўлида кўпмиллатли халқимизни бирлаштириб, уни улуғ мақсадлар сари бошлаб борди.

Президентимиз Ўзбекистонни автомобиль саноатига асос солдилар. Буларнинг барчаси бевосита Ислом Каримов раҳбарлигида амалга оширилди.

Ўзбекистоннинг биринчи Президенти раҳбарлигида мамлакатимиз суверенитетининг иқтисодий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган энг муҳим стратегик дастурлар, жумладан, Ўзбекистоннинг ғалла мустақиллиги, ёқилғи-энергетика, транспорт-коммуникация соҳасидаги мустақиллигини таъминлаш, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, замонавий корхоналар барпо этиш ва уларни илғор техника ва технологиялар билан жиҳозлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди. 

Мустақилликни қўлга киритиб, ночор иқтисодиётдан, “шок терапияси” каби номаъқул моделлардан бутунлай воз кечдик. Муҳтарам Президентимизнинг беш тамойилга асосланган “Ўзбек модели” бизни мана шундай фаровон кунларга олиб келди. 

Ислом Каримовнинг оқилона сиёсати туфайли мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баробардан зиёд ошди, олтин-валюта заҳираларимиз барқарор суръатлар билан кўпайди.

Ҳурматли президентимиз Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш ва бошқа умуммиллий дастурларимизни амалга ошириш натижасида мамлакатимизда ўн икки йиллик мажбурий ва бепул, умумий ва ўрта махсус таълим тизимига, икки босқичли олий таълим тизимига асос солиниб, замонавий янги авлод кадрларини тарбиялаш учун мустаҳкам пойдевор яратилиб, Ўзбекистонимизнинг жаҳон майдонида рақобатдошлигини таъминлашнинг ишончли заминини яратди. 

Ватанимизнинг дунё рейтингларида йилдан йилга обрўси ошиб бормоқда. 12 йилдан бери иқтисодий ривожланишимиз 8%дан тушмай келмоқда. Шу боис Ўзбекистон дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига чиқмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети олимлари 158 та мамлакатга бориб, ижтимоий тадқиқотлар ўтказишган. Тадқиқотлар асосида эълон қилинган “Бутунжаҳон бахт индекси”да Ўзбекистонимиз 158 мамлакат ўртасида 44-поғонани эгаллади. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида 1-ўринни эгаллагани тан олинди.

 “Халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олди. 

Ҳурматли президентимиз бошчилигида мамлакатимизда дунёда ўхшаши кам бўлган Сургил комплекси, Ангрен-Поп темир йўлидаги дунёда узунлиги бўйича 13, қурилишининг мураккаблиги бўйича 8-ўринда турадиган 19,2 километрлик туннелнинг очилиши, Тошкентдан Самарқанд, Қарши, Бухоро шаҳарларига "Афросиёб" тезюрар поезди ва Фарғона водийсига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган вагонлардан иборат йўловчи поезди йўлга қўйилди.

Ҳурматли президентимиз юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва миллий армиямизнинг салоҳиятини юксалтириш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширди.

 Бундай ютуқларнинг барчаси бугун биз бошимиздан кечираётган ўта таҳликали замонда, ён-атрофимизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, миллатлар ва фуқаролараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш эвазига эришилди. 

Ҳаммамиз яхши биламизки Муҳтарам юртбошимиз республикамиз мустақиллиги билан тенгдош бўлган Тайлоқ туманига ҳам 1993 йил ва 1998 йилларда 2 маротаба ташриф буюриб, ўзларининг қимматли маслаҳатлари ва топшириқларини бериб, туманда олиб борилаётган ишларга юқори баҳо бериб руҳлантириб кетган эдилар. Бу тарихий воқеани туман халқи унутмайди.

Муҳтарам юртбошимизнинг республикамиз халқи учун, унинг тарихи, маданияти, иқтисодий-сиёсий ва ҳарбий салоҳиятини юксалтиришда олиб борган буюк хизматлари асрларга таътийдиган тараққиёт йўлини белгилаб берди.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг порлоқ хотираси қалбларимизда абадий сақланиб қолади.

Эътиборингиз учун раҳмат.

2015-2018 © ХОКИМИЯТ ТАЙЛАКСКОГО РАЙОНО. Сайт разработан SAKTRM