Сайёр қабул: Ечимини кутаётган муаммолар ўрганилди

  Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида бугун Халқ қабулхонасида туман ҳокими Баҳодир Бабоназаровнинг сайёр қабули бўлиб ўтди. Унда туман Халқ қабулхонаси мудири Қ. Исмоилов, туман прокурори А. Сайпиддинов, туман адлия бўлими бошлиғи А. Ғафоров, туман ташкилот, корхона ва муассаса раҳбарлари ҳамда мурожаат билан келган фуқаролар иштирок этишди.

   Сайёр қабулда аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш ҳамда ҳудуддаги ишбилармонлик ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига оид камчиликлар, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш юзасидан сайёр қабулга ёзилган фуқаролар қабул қилинди ҳамда аниқланган камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар атрофлича ўрганиб чиқилди.

   Хусусан, иш сўраб мурожаат қилган фуқаролар Нурафшон маҳалласида яшовчи Д. Бурхонова, Дўстлик МФЙдан Бахтиёр Мелибоев, ўртақишлоқлик Ҳилола Жуманова, Чорбоғтепа  маҳалласидан Нормурод Ортиқов, Нуроний маҳалласида яшовчи  Раъно Зияева ҳамда Гулбаҳор Амоноваларга аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан бўш иш ўринлари таклиф этилди.  

   Бундан ташқари фуқаро Боғизоғон маҳалласида яшовчи Худойберди Қобилов  аҳоли сонининг кескин ўсиши сабабли электр энергияси таъминотида узилишлар бўлаётгани ва ушбу маҳалла аҳолиси учун янги трансфарматор ўрнатиш ҳақидаги, равотлик Сайёра Мажидова электр энергияси истеъмоли бўйича ноҳақ қарздорлик ёзилганлиги тўғрисидаги, қолаверса, уй-жой, моддий ёрдам, алимент ундириш каби мурожаатлар ўрганиб чиқилиши учун масъулларга йўналтирилди.

   Шунингдек, Гулобод маҳалласида яшовчи 71 ёшли онахон Любов Хўжаева фуқаролик паспорти олишда амалий ёрдам берганлиги учун туман ҳокими Б. Бабоназаровга миннатдорчилик билдирди.

   Сайёр қабул давомида элликка яқин мурожаатлари тингланди ҳамда сайёр қабул орқали мурожаат қилувчиларнинг ариза ва таклифлари атрофлича ўрганиб чиқилгандан сўнг, натижалари мурожаат эгаларига маълум қилиниши таъкидланди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди