Тойлоқ туманида мактаблар қачондан очилиши маълум бўлди

    Бугун Халқ депутатлари Тойлоқ туман Кенгашининг навбатдаги 12-сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибига киритилган “Тумандаги умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, ўрта махсус касб-ҳунар мактаблари ва коллежларнинг санитар талабларга мувофиқ бирламчи воситалар билан таъминланганлиги, шунингдек, дезинфекцион ишларнинг ташкил этилганлиги ҳамда ўқув йилига тайёргарлик ҳолати” тўғрисидаги масала юзасидан туман санитария эпидемиология осойишталиги маркази раҳбари Ж. Шодиев ҳамда туман халқ таълими бўлими мудири Х. Ҳожиқуловлар ўрганилган ишлар юзасидан маълумот беришди.

   Туман Кенгаши раиси Б. Бабоназаров  раислигида ўтказилган сессия давомида тумандаги умумтаълим мактабларининг очилиш-очилмаслиги қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

   Сессия якунига кўра, Тойлоқ туманида жорий йилнинг 22 сентябридан бошлаб, фаолиятини бошлайдиган умумтаълим мактабларининг режа графиги иловага мувофиқ тасдиқланди. Унга кўра жорий йил 22 сентябрь куни 33 та умумтаълим мактаби ўз фаолиятини бошлаши белгиланди.

   Фаолиятини бошлайдиган мактабларга кириш жойи, синфхоналарда қўлни зарарсизлантириш учун мўлжалланган санитайзерлар, қўл ювиш учун зарур воситалар билан таъминланиши, ўқувчилар соғлигини сақлаш, ижтимоий масофани таъминлаш мақсадида синфдаги ўқувчи сони кўп бўлган ҳолатларда ота-оналар розилиги асосида педагог Кенгаши қарори асосида вақтинча кунора ўқитишга рухсат бериш, имконият бўлганда дарсларни очиқ ҳавода ўтказиш тавсия қилинди.  

   Шунингдек, мактаблар фаолияти давомида ҳар қандай кўринишдаги оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланиши, мактаблар ҳудудида ошхона, буфетлар ишламаслиги, аҳоли, тадбиркорлар томонидан мактабга турли егулик маҳсулотлари олиб келишга йўл қўйилмаслиги, мактабларда бир синф ўқувчилари орасида 3 нафардан кўп кишида коронавирус аниқланса, бу синф карантинга ёпилиши ҳамда улар учун дарслар анъанавий шаклдан онлайн шаклга ўтказилиши, ушбу белгиланган меъёрларга амал қилмаган раҳбар қонун доирасида қатъий жазоланиши каби бир қанча қатъий талаблар белгиланди.

   Сессияда онлайн усул орқали ўқийдиган болалар ҳам уйга вазифаларини доимий тарзда ўқитувчига топшириб боришлиги қатъий назоратга олиниши ҳамда ўқувчиларнинг баҳолари тегишли вазирлик томонидан ишлаб чиқилган Кundalik.com платформаси орқали баҳолаб борилиши тавсия этилди.

Сессия Қарорининг иловасига асосан жорий йилнинг 22 сентябрь куни 17, 20, 22, 50, 54, 59 мактаблар; 23 сентябрдан 11, 16, 23, 31, 32, 33 мактаблар, 24 сентябрдан 18, 19, 35, 36, 48, 49 умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчилари учун дастлабки дарслар анъанавий тарзда бошланади. Қолган 27 та мактабалар ҳудуддаги эпидемиологик вазиятнинг ўзгаришига қараб босқичма-боқич очилади. 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди