Тойлоқ туман ҳокими Баҳодир Бабоназаровнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган байрам ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар, қадрли тойлоқликлар!

 

   Бугун мустақилликка эришганимизга 29 йил тўлди.  Ушбу қувончли ва энг азиз байрам билан барчангизни самимий муборакбод этаман.

    Ўтмишда аждодларимиз мана шу ҳур ва озод кунларга етишиш учун жон олиб, жон бериб курашганлар. Минг шукрона билан айтишимиз мумкинки, бугун аждодларимизнинг эзгу ниятлари, орзулари ижобат бўлди. Айни кунларда энг улуғ, энг азиз байрамимизни бутун республикамиз аҳли қатори тумандошларимиз ҳам эзгу ниятлар, кўтаринки кайфият билан қарши олишяпти.

   Бугунги кунда жаҳон миқёсида ва мамлакатимизда юз бераётган мураккаб синовларни муносиб енгиб ўтишда халқимиз бир мақсад сари бирлашиб, ўз олдига инсонийлик, бағрикенглик, саховат ва олижаноблик каби эзгу мақсадлар қўйган ҳолда ҳуррият байрамининг 29 йиллигини муносиб кутиб олишмоқда.

    Шуниси қувонарлики, бугун замон билан ҳамнафас тарзда мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида барқарор ўси­шга эришилаётгани, ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик асосида дунё халқлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилиб, тараққиёт пиллапояларидан дадил одимлаётганимиз юртимиз истиқболининг нақадар порлоқ эканлигини кўрсатиб турибди.

  Биз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган ушбу қутлуғ сана ҳар бир инсон, ҳар бир оила ҳаётида ўз ўрнига эга. Шу боис ҳам бу айёмни ҳар биримиз ўзгача кўтаринкилик ва мамнунлик билан кутиб оламиз. Зеро, мустақиллигимизнинг жорий  йилда  "Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган  эзгу  ғоя асосида нишонланиши замирида ҳам юртдошларимизнинг Ватанимизга бўлган  юксак  меҳри  ва  чексиз  фахру  ифтихори  мужассамдир.

Азиз дўстлар!

    Дарҳақиқат, мустақиллик, истиқлол деган улуғ саодат аввало халқимизга эркинлик ва озод ҳаётни берган, инсоний шаънимиз, миллий онгимиз, қадр-қимматимизни тиклаб, барчамизга ўзлигимизни англаш туйғусини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадрият ва урф-одатларимизни қайтариб берган, Ватанимиз тарихида ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган буюк неъматдир.

    Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни, барча-барчангизни мана шу  энг улуғ ва энг азиз байрамимиз -  мамлакатимиз  мустақиллигининг 29 йиллиги билан яна бир бор  қизғин  муборакбод этаман. Юртимиз равнақи, халқимиз  фаровонлиги ва бахту саодати йўлидаги эзгу ишларингизга улкан муваффақиятлар тилайман!

Юртимиз тинч, халқимиз омон, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

 

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди