Ўқитувчиларнинг анъанавий август кенгаши онлайн тарзда ўтказилди

    Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда халқ таълими ходимларининг анъанавий август кенгашини онлайн тарзда ташкил этди. Янги 2020-2021 ўқув йили олдидан ўтказилган Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! шиори остидаги август кенгаши йиғилишида вилоят ҳокимлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят бўлими, халқ таълими бошқармаси раҳбар ходимлари, бўлим бошлиқлари ва мутахассислар, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари ва умумтаълим мактабларида ташкил этилган студияларда халқ таълими бўлими мудирлари, шунингдек, умумтаълим мактаблари директорлари, методистлар ва педагоглар иштирок этди. Уни бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Қўлдош Саидов олиб борди.

   Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов халқ таълими ходимлари учун яратилаётган кенг имконият ва имтиёзларга тўхталиб, ушбу имтиёзларга муносиб меҳнат қилиш, жамиятда ўқитувчи обрў-эътибори, нуфузини ошириш, энг аввало, унинг ўз устида ишлаб, малака ва тажрибасини оширишига боғлиқ бўлиб қолганини қайд этди. Афсуски, кейинги йилларда фан ўқитувчиларининг мунтазам ўз устида ишламасдан келаётгани таълим сифатини пасайишига олиб келганини танқид қилди.

   Айни пайтда мавжуд муаммолардан келиб чиққан ҳолда, вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан янги ўқув йилида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди. Унга кўра, фан ўқитувчилари ўртасида ўтказилаётган Устозлар беллашувини оммалаштириш, PISA, TIMSS, PIRLS Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича белгиланган 42 та таянч мактаблари фаолиятини такомиллаштириш,  ўқитувчиларнинг билим салоҳиятини оширишга келишиб олинди.

  Тадбирда дарсликлардаги муаммолар ва уларнинг ечими, педагоглар малакасини ошириш, халқаро баҳолаш дастурларига самарали тайёргарлик кўриш масалалалари халқ таълими ходимларининг муҳокама марказида бўлди.

Самарқанд вилояти халқ таълими

бошқармаси ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди