Тойлоқда “Обод маҳалла, обод кўча, обод хонадон” дастури доирасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда

   

      Айни кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман!” шиори остида “Обод маҳалла, обод кўча, обод хонадон” дастури доирасидаги кенг қамровли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Тойлоқ туманида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ишлаб чиқилган режавий-жадвал асосида ҳар бир маҳаллада фуқароларнинг ўзлари яшаб турган хонадон, кўча ва маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, хонадонларда юксак санитария маданиятини қарор топтиришда ўзаро бирлашиб, аҳил-иноқлик билан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги тадбирларида фаол иштирокини таъминлашга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари муҳим аҳамият касб этмоқда.

    Биз бугун Тошкент-Термиз халқаро йўл ёқасида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишдик. Шу ҳудудда жойлашган Найман, Хончорбоғ, Истиқлол, Сочак, Беклар маҳаллалари аҳолиси фуқаролари, тадбиркорлар, фермер хўжаликлари ишчи-ходимлари кўча бўйларига экилган дов-дарахтларга шакл бериш, оқлаш, уйларнинг фасад қисмларини таъмирлаш, безатиш, сўлим гулзорлар барпо этиш ишларини бажаришда фаоллик кўрсатишаётганини гувоҳи бўлдик.  

    - Нафақат ушбу кўча ободлигига, балки маҳалламизнинг ҳар бир кўчаси ҳамда хонадонларbда бу каби тадбирлар амалга оширилмоқда, -дейди Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғини раиси Исрофил Азимов. -Айниқса, маҳалла ёшлари, тадбиркорлар тозалаш, таъмирлаш ишларида фаол қатнашмоқда. Фуқароларимизнинг аҳил-иноқлиги, ҳамфикр ва меҳнаткашлиги мана шундай ҳашарларда яқоол намоён бўлмоқда.

    Хонадон вакиллари ҳам яшаш уйлари атрофларини тозалаш, кўчага янада кўтаринки руҳ ва нафосат бағишлаш мақсадида қурилиш, таъмирлаш ишларини олиб бормоқдалар.

   Дарвоқе, уй ҳам, кўча ҳам ўзимизники, унинг тозалиги ва ободлиги эса она Ватанимиз гўзаллигига гўзаллик қўшади.

  Дарҳақиқат, Тойлоқда бугунги кунда барча маҳаллалар обод гўшаларга, кўркам масканга айланиб, намунавий хонадон ва кўчалар сони ортиб бормоқда. Натижада эса одамларимизнинг ўз ҳаётига бўлган ишончи юксалиб, яшашга, келажакка бўлган интилиши кучаймоқда. Ободлик бор жойда, файзу барака, ривожланиш бўлади.

 

Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди