27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан туман ҳокимининг байрам табриги

    Ҳурматли матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!

   Сиз қадрдон журналистларни, шоир ва ёзувчиларни, ушбу соҳага эндигина кириб келаётган ёш ижодкорларни, шарафли касб фидойиларини касб байрамингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

  Ижод аҳли, айниқса, журналистлар рўй бераётган воқеликка теран кўз билан боқиб, уни ўз ҳаёти ва турмуши билан чамбарчас тасаввур этиб фикрлайдиган жонкуяр инсонлар, қалби қайноқ кишилардир.

  Яратувчанлик ва фаровонликни ҳар қадамда таъмин этиш учун зарур бўлган давлат бошқаруви ҳамда халқ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни айнан мана шу касб эгаларидаги жонкуярлик ва фидойилик тимсолида кўрамиз десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

   Кейинги йилларда сўз эркинлигига берилган эътибор натижасида оммавий ахборот воситалfри, интернет тармоқларида танқидий, таҳлилий материаллар сони сезиларли даражада ошдики, бу фақатгина яхшиликка хизмат қилмоқда. Бир ҳақиқатни тан олиш керак, журналист ва блогерлар биз ҳокимларни янада кўпроқ ишлашга мажбур қилмоқда. Яъни мақола ёки лавҳада кўтарилган мавзуни кўрган мутасаддилар тўғри хулоса чиқариб, мавжуд муаммони бартараф этишга киришмоқдалар. Соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда янада масъулият билан ёндашмоқдалар.  

  Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда олиб борилаётган одилона ва халқпарвар сиёсатни тарғиб этадиган, жойлардаги муаммоларни бартараф этишда ўз ҳиссасини қўшадиган қалам аҳлининг Ўзбекистон тараққиётидаги улуши салмоқли, шарафли хизматлари эса самимий эҳтиромга лойиқ.

   Ҳар қандай касб эзгуликка хизмат қилар экан, шубҳасиз, халқ назарида улуғвор, жамият ҳаётида қадрлидир. Шу маънода, зиммангиздаги улкан ва заҳматли меҳнатни улуғлаб, шу касбдан қадр ва шараф топиб юрганингиз Яратганнинг иноятидир.

   Сиз азизларни касб байрамингиз билан яна бир бор қутлар эканман, касбингиздан доимо барака топиб юринг, эл назаридан қолманг, дейман. Барчангизга мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга тинчлик-осойишталик, ижодий муваффақият тилайман. Қаламингиз бунданда ўткир, айтар сўзингиз янада кескир бўлсин!

 

Баҳодир БАБОНАЗАРОВ,

Тойлоқ туман ҳокими.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди