“Исмсиз мамлакат”га саёҳат қилинг!

   Яқинда тумандошимиз, чорбоғтепалик истеъдодли адиб Раҳмон Ҳожимуроднинг Исмсиз мамлакат номли китоби Тошкент шаҳридаги Oltin meros press нашриётида чоп этилди.

    “Деворий газета” қиссаси ҳамда фалсафий қарашлар маҳсули бўлмиш мароқли эсселар ўрин олган мажмуада китобхон муаллифнинг халқона оҳангларда берилган гоҳ дардчил ва гоҳ жўшқин хулосалари оламига аста-секин кириб боради. Яъни, мухлис адиб қувончларини ҳам изтиробларини ҳам ўзиники, дея қабул қила бошлайди. Бизнингча, ёзувчисининг катта ютуғи ҳам шунда.

  “Деворий газета” қиссасида асар қаҳрамони – муаллиф, 27 ёшида онасига илк бор хат ёзади: “...Энди ҳеч қачон кўришмаймиз. Шунинг учун Сизга кўнглимда неки бўлса, барини тўкиб солмоқчиман... Шу икки энлик хат ўртамиздаги соғинч овозини озгина бўлса-да, пасайтиради деган умиддаман...” Хат баҳона муаллиф вужудида қалқиб турган соғинч-у армонларини, орзу-умидларини, изтиробларини тўкиб солади.

  Китобнинг “Адабий кузатишлар” бўлимидаги эсселар орасида, шубҳасиз, замонавий адабиётимизнинг истеъдодли вакилларидан бири – ёзувчи Назар Эшонқул ижоди ҳақидаги мушоҳадалар теранлиги билан ажралиб туради.

   Хуллас, Р. Ҳожимуроднинг “Исмсиз мамлакат”ига саёҳат китобхонга бир олам завқ бағишлайди.

 

А. НИСОРОВ.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди