Ёзда ҳарорат меъёрдан юқори бўлиши кутилмоқда.

    Консенсус прогнозга кўра 2020 йил ёзда Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистонда, Қозоғистоннинг жанубий, ғарбий, шарқий минтақаларида 40% эҳтимол билан ҳарорат фонининг меъёрдан юқори бўлиши кутилмоқда.

   Агар умумий тенденциялар тўғрисида гапирадиган бўлсак, ёзнинг иссиқ бўлиши тўғрисидаги прогноз ҳозирда биз кузатаётган вазиятни тасдиқламоқда. Охирги йилларда глобал исиш тенденциясининг давом этиши муносабати билан иссиқлик тўлқинларининг сони ва жадаллиги ортиб бормоқда. Ўтган 2019 йил тарихда энг иссиқ йиллар ичида 2016 йилдан кейин иккинчи ўринни эгаллади.

    Яқинда ўтган барча йиллар ҳам бутун асбоб-ускуналар билан кузатув даври учун энг иссиқ топ-5 ёки топ-10 га кирган.

  Бу йилги ёз ушбу қаторга кирмайди, деб тахмин қилишга ҳеч қандай асос йўқ. Шунинг учун жорий йилги ёз иссиқ бўлиши эҳтимолга яқин, бироқ иқлимий тизим хусусиятларини эътиборга оладиган бўлсак, бу 100 фоизли прогноз эмас.

   Бундан ташқари, ўртачалаштирилган умумий тавсиф мавсум давомида қандай муайян ҳарорат қийматлари кузатилиши тўғрисида тасаввур бермайди. Ёзнинг уч ойи давомида иссиқ ҳароратнинг сустлашиши, ёки бир ой жуда иссиқ бўлиб, қолган икки ой давомида ҳарорат меъёрга яқин бўлиши мумкин.

«Ўзгидромет».

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди