СЕЛ ВА ТОШҚИНЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

Туман ФВБ огоҳлантиради

     Баҳорнинг серёғин келиши ва табиатнинг бошқа инжиқликлари оқибатида аҳолига, турар жойларга ҳамда  қишлоқ хўжалиги экин майдонларига етказиладиган талофатнинг олдини олиш борасида Тойлоқ туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари туман ҳокимлиги билан биргаликда бирмунча ишларни амалга оширмоқдалар. Жумладан, туман ҳудудида ФВДҚТ йиғма отрядлар шакллантирилди ҳамда  куч воситалар ва техникаларни етарлича жамлаш борасида ШТАБлар ташкил этилди; ҳар бир ҳудудда тузилган ишчи гуруҳлар фаолият олиб бормоқда. Чунончи, Давлатобод, Жумабозор, Чароғбон, Боғизоғон ҳамда  Ғўлба маҳаллаларида сув тошқинлари рўй бериб, фавқулодда вазиятлар содир бўлганда тўғри ҳаракатланиш борасида тарғибот-ташвиқот тадбирлари амалга оширилди. Ушбу йўналишдаги ишлар қатъий назоратга олинган. Ходимларимиз томонидан тун-кун навбатчилик ташкил этилган. Ёнғинни бартараф этиш махсус автомашинлари ва ўт ўчирувчилар шахсий таркиби шай ҳолатга келтирилган. Жойларда сел тошқини бўйича йўриқнома ва плакат эслатмалар тарқатилиб, профилактика ишлари амалга оширилмоқда. 

       Шу ўринда сел  келиши хавфи содир  бўлганда аҳолининг ҳаракатланишига доир  
              Э С Л А Т М А
ни эътиборингизга ҳавола этишни лозим деб топдик:

      Сел – бу кучли ёмғир туфайли тўсатдан рўй  берадиган хавфли сув оқими бўлиб, тоғ тошлари, қум ва тупроқ жинслари билан биргаликда содир бўлади. Шунингдек, сув омборлари ўпирилиши, тоғ қорлари эриши ёки сурункали жала қуйиши натижасида юзага келадиган хавфли жараён ҳамдир. Катта ҳажм ва юқори тезликка эга бўлган сел оқими, ўз йўлидаги барча халқ хўжалиги ва гидротехник иншоотларини аҳоли уй-жойларини бузиб, қишлоқ хўжалик экинларини пайҳон қилади. Одамлар ва ҳайвонларни ҳалок қилади. 
      Сел оқимининг давомийлиги 0,5-2 соатдан 12 соатгача, тезлиги 5-8 м/с дан 12 м/с гача етиши мумкин. Сел массасининг зичлиги эса 1,2 -1,9т/м кубни ташкил этади.
   Сел оқимлари ўзи билан олиб келаётган қаттиқ заррачалари ўлчамига  қараб  3 гуруҳга бўлинади: сув–тошли,  лойқа  ва аралаш селлар.
 Сел келиши хавфи юқори бўлган  мавсумда:
- Хавфли ҳудудларга саёҳат қилишдан воз еечинг.  
- Сел йўналишлари ва кескин қияликлардан узоқроқ бўлинг.
- Хавфли жойлардаги йўллар бўйлаб автотранспортда ҳаракатланишдан ҳам воз еечинг.
- Ҳокимлик  ҳамда маҳалла  қўмитаси ахборотларини кузатиб боринг.
   Сел келиш хавфи юзага келганда:
   Дарҳол олдин белгилаб олинган йўналиш бўйича  хавфсиз жойга кўчишни бошланг, ўзингиз билан зарур ва қимматли буюмларни олинг. Ҳаракат йўналишингиз сел йўналишига тўғри келмасин. 
    Унутманг, сел оқими ўтиб кетганидан сўнг сел йўлига тушиш қатъиян ман этилади, чунки яна бошқа оқим пайдо бўлиши мумкин.
   Кўчириш пайтида сел йўлидан ўтманг. Ўпирилган соҳилга яқин жойлашган биноларни, шунингдее, уй тагидаги тупроқ қисман ювилиб кетган бўлса, бундай жойларни тарк этиш кераклигини ёдда тутинг!

Шоҳжаҳон ХУДОЙҚУЛОВ, 
туман ФВБ ФВДТ ФМ бошлиғи, лейтенант.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди