Саховат ва ҳиммат - олийжаноб фазилат

   Саховат ҳақида сўз кетганда ёши улуғлардан эиштганим борки "Болам, саховатли бўл, ҳеч қачон бахиллик қилма. Саховатлик, олийҳиммат бўлиш, энг яхши фазилатлардан биридир. Ҳимматли бўл, муҳтожлар ҳолидан доим хабардор бўл...", деган насиҳатлари ёдимга тушади.

   Абдулла Авлоний саховатли, олийҳимматли, бўлиш ҳақида шундай дейди: "Олийҳиммат деб, дин ва миллатга фойдали ишларни мол ва жон ила ишламакни айтилур. Ҳиммат шундай бир олижаноб фазилатдурки, инсониятнинг кони, яхши хулқларнинг посбони демак жоиздур. Ҳиммат соҳиблари карим сифатли, раҳим табиатли бўлур. Ўз жинсининг авлодидан ҳар вақт ёрдамини аямас. Хайр-у саховатли ишлардан ўзини тортмас. Пул ва молини миллат йўлида сарф этмакдан қизғанмас. Олийҳиммат киши сояси латиф, меваси лазиз дарахт кабидурки, бу сояга яқин бўлган кишилар ҳар вақт фойдаланурлар".

   Албатта, ҳар бир нарсанинг акси бўлганидек, саховат бўлмаган кишига, бахиллик эшик очади.

   Саховат қилмаган кишини бахиллик иллатлари ўраб олади.

   Саховат қилинмаса, демак бахиллик кўчасида юрибмиз.

  Бахил киши доимо бало, маломат ва зиён захматда бўлса, саховатли киши эса доимо баракали, марҳаматли, ҳимматли бўлади.

   Саховат дегани фақат муайян бир нарсаларни бериш, инъом қилиш, деб тушунмаслик керак. Саховат бу ҳар қандай кўринишда намоён бўлиши мумкин. Жумладан, илм бериш ва олишда, суҳбатлашишда, туришда, юришда, меҳнат қилишда, умуман олганда кишининг барча ҳаракатида саховат зарур бўлади.

    Шайх Саъдий айтади:

   - Бир донишманддан: саховат билан шижоатнинг қайси бири яхшироқ?, -деб сўрадилар.

Донишманд: "Кимда саховат бўлса, у кишига шижоатнинг ҳожати йўқдир", деб жавоб берди.

    Бугунги кунда уйда қолиб фарзандларимиз, набираларимиз ёки ота-оналаримиз ҳамда бобо ва катта оналаримизни хизматига эътибор билан қараб, уларнинг насиҳатларига қулоқ тутиб борсак ёхуд уларга панду насиҳат қилиб, ибрат, ўрнак  бўлишда бардавом бўлиш ҳам саховатдир.

    Зеро, саховатли бўлсангиз ҳимматингизга балли, мабодо саховаткор бўлсангиз қувватингизга балли!

 

 

Мехрожиддин Амонов,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,

Халқ депутатлари Тойлоқ туман кенгаши депутати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди