Туман ҳокими ёшларни мулоқотга чорлади

    Бугун туманимизнинг 34-умумтаълим мактаби биносида навбатдаги “Ҳоким ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Б. Бабоназаров дастлаб, бугун ёшларнинг илм олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди,  ўзининг ёшлик даврларини, қандай қийинчиликлар билан мактаб ва олийгоҳда таҳсил олганларини гапириб берди. Шунингдек, у ўз маърузасида тойлоқлик ёшлардан кўнгли тўлмаётганлигини, ўғил-қизларимиз  билим жиҳатдан вилоятимиз рейтингининг охирги ўринларида қолаётганини таъкидлади.

     -Ёшлар бизнинг келажагимиз, деган гап бежизга айтилмайди. Эртанги кунимизни, Ватанимиз тақдирини сиз белгилайсиз. Ҳозир сизнинг хаёлингизда фақатгина ўқиш ва ўрганиш бўлиши керак. Бугун телефон, интернет деган бало ёшларнинг вақтини ўғирлаяпти, фикрини бузяпти. Аввало, биз интернетдан мақсадли фойдаланишни ўрганишимиз керак, - дейди туман ҳокими Б. Бабоназаров.

   Шундан сўнг, туман ҳокими ўқувчи-ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқотга киришди. Уларнинг муаммоларини тинглаб, ҳал этиш чораларини излади, таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

    Жумладан, 34-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Асадбек Зиёдов мактабнинг физики, кимё, биология дарслари учун лаборатория хоналарида шароит етарли эмаслиги, компьютерлар талабга жавоб бермасли сабабли амалий машғулотлар сифатли ўтилмаётганини маълум қилди. Жалол Амиров мактабда интернет тармоғини тортиш, Ситора Тожиева эса кутубхона фондини бойитишда амалий ёрдам берилишини сўради. Шунингдек, ўқувчилар мактабда рус синфлари учун ўқитувчиларнинг етишмаслиги, иқтисод фанидан малакали педагогларнинг йўқлиги, мактаб жиҳозларини янгисига алмаштириш, вариатив таълим тизимини жорий этиш каби масалаларни ўртага ташлашди. 

    Туман ҳокими Б. Бабоназаров ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доим тайёр эканлигини маълум қилди.

    Учрашув сўнггида туман ҳокими турли кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, фахрли ва совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни "Фахрий ёрлиқ" ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирлади.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди