Давлат раҳбари маслаҳатчиси ургутликларнинг дардини тинглади

       Ургут  туманида давлатимиз раҳбари маслаҳатчиси Т.Худойбергенов бошчилигидаги Президент адмнистрацияси, вазирлик ташкилотларининг масъуллари  ҳамда вилоят ҳокими Э. Турдимов иштирокида аҳоли ўртасида сайёр қабул ўтказилди. Унда Ургут, Булунғур, Тойлоқ, Жомбой, Самарқанд туманларидан келган фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар ечими юзасидан мурожаат қилишди. Мурожаатларнинг аксариятини Турсинхон Худойбергенов қабул қилган бўлса, унинг ўринбосарлари Улуғбек Муҳаммадиев, Алишер Усмонов ҳамда 20 дан ортиқ республика идоралари раҳбар ўринбосарлари ҳам тегишлилиги бўйича қабул ўтказди.

 Унда фуқаролар томонидан газ, электр энергияси, уй-жой, суд-ҳуқуқ тизимига оид кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Шунингдек, "Боламни кўзини чет элда операция қилдиришимиз керак. Лекин қурбимиз етмайди", "Онамни ногиронлик нафақасига чиқаришда кўмаклашинг" каби соғлиқни сақлаш билан боғлиқ мурожаатлар ҳам оз эмас. Шу билан бир қаторда кўпчилик фуқаролар йўлларни таъмирлаш, ишга жойлаштириш,уй-жой билан боғлиқ масалалар бўйича ҳам ёрдам сўрашда.

     Сайёр қабулда туманимиздан ҳам тўртта мурожаат келиб тушди. Жумладан, Шопўлот маҳалласида яшовчи фуқаро Д. Сафаров 2018 йилда намунали лойиҳа асосида қурилган арзонлаштирилган уй-жойлардан ипотека кредити асосида 3-хонали 2 сотих ер майдонига эга уйлардан бирини олганини, айни дамда ўзи ишсиз эканлиги сабабли кредитни тўлашга қурби етмаётганини маълум қилди.  

   Дилшод Сафаровнинг қарамоғида 2 нафар ногирон  шахс борлигини ҳамда молиявий аҳволи яхши эмаслигини инобатга олиб, уй учун тўланадиган бошланғич бадал пули ҳомийлар томонидан тўланган ҳамда Д. Сафаровга тадбиркорлик қилиши учун қўшимча ер ҳам берилган эди.  Мурожаатчи сайёр қабулда уй-жой кредитининг яна бир қисми давлат томонидан тўлаб берилишини сўради. Унга уй-жой тўлови бўйича тартиб-қоидалар мутахассислар томонидан тушунтирилди.  Туман ҳокими Б. Бобоназаров мутасадди ташкилот раҳбарларига Д. Сафаровни ишга жойлаштириш ҳамда  30- мактабгача таълим ташкилотида кир ювувчи бўлиб ишлаётган Дилшод Сафаровнинг турмуш ўртоғи Д. Тугалованинг  иш ставкасини кўтариш ҳақида қатъий топшириқ берди.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди