Тойлоқ туман ҳокими Б.Бобоназаровнинг туман тадбиркорларига МУРОЖААТИ

Азиз юртдошлар!

Ҳурматли тадбиркорлар!

 

         Кучли давлатдан кучли жамият сари ривожланиш тараққиёт йўлида, тадбиркорликни ривожлантириш орқали юртимиз иқтисодий салоҳиятини ошириш, мақсадлари юксак халқимизнинг ишбилармонлик ва фаол тадбиркорлик қилишлари учун барча ҳуқуқий асос ва шароитлар босқичма-босқич адолат мезони асосида яратилмоқда.

        Жамият ривожида тадбиркорлик - инновацион ва замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этиладиган иқтисодий йўналиш сифатида тараққиёт омилига айланиб, ўз ўрнини эгаллаб келмоқда. 

         Бугун Тойлоқ тумани тадбиркорлари халқ хўжалигининг энг муҳим тармоқлари, саноат, ишлаб чиқаришдан тортиб, қурилишдаги  бунёдкорликкача, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришдан тортиб, бозоргир, экспортбоп мева етиштирувчи боғ-роғлар бунёд этиш ҳамда 100 дан ортиқ хизматлар кўрсатишгача бўлган жараёнларда фаол иштирок этаётганини  кузатиб турибмиз.

   Муҳтарам Президентимизнинг Самарқанд вилоятига ташрифи вақтида таъкидлаганларидек, мамлакатда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонларни “Фаол тадбиркор” қатламининг асоси деб тушинилади.

      Туманимизда ҳам соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли ёш, иқтидорли ва тажрибали ишбилармон-тадбиркорларимиз барча соҳаларда жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариб, уларни “Ўзбекистон бренди” остида дунё бозорларига экспорт қилмоқдалар.

       2019 йилнинг 7 ноябрь куни  Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган таҳлилий видеоселектор йиғилишда “Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин”,  деган фикр илгари сурилди.

    Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан мутлақо янги тизим яратилмоқда.

       Шундай шарт-шароит ва қулай имтиёзларга эга бўлган шижоатли мард ва танти тадбиркорларимиз “Тойлоқликман”, деган номга муносиб бўлиш иштиёқида фаолият юритиб, янги иш ўринлари яратмоқдалар. Таъбир жоиз бўлса “ишнинг кўзини биладиган” инсонларга “Балли Сизга, жонкуяр ва жонфидо тадбиркорлар!” десак арзийди.

 

Қадрли тадбиркорлар!

   Муҳтарам Юртбошимиз томонидан ўтган қисқа вақт мобайнида Сизларнинг самарали фаолият юритишингиз учун қулай шароит ва имкониятлар яратиб бердилар.Жумладан, туманда Бош вазир қабулхонасининг ташкил этилгани, Сиз, тадбиркорларнинг ҳар бир муаммоларингиз қонуний ечим топаётганлигига алоҳида эътибор қаратилганлиги бежизга эмас.

    Бош вазир қабулхонасига жорий йилнинг 10 ойи давомида 143 нафар тадбиркорлик субъектлари мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 138 тасининг муаммоси ижобий ҳал этилди. Ушбу мурожаатларнинг 60 таси кредит, 36 таси ер ажратиш, 3 таси инфратузилма тармоқларига уланиш, 5 таси солиқ ва тўловлар, 3 таси лицензия ва рухсатномалар олиш, 5 таси бино ажратиш ҳамда 31 таси бошқа масалаларда бўлган. Ушбу мурожаатларни изчил ўрганиш ва уларга самарали ечим топиш мақсадида туманда тадбиркорлар жамоатчилик кенгаши тузилди.

     “Тадбиркорларни қийнаётган иккита муҳим масала бор. Бу -  ер ажратиш ва кредит беришдир.

Бундан буён ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар яратган ҳолда, электрон аукцион орқали амалга оширилади.

     Кредит бериш тизими ҳам соддалаштирилиб (вилоят, республика банклари ваколатларини тумандаги банкларга бериш орқали), ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам берилади”.

Азиз ишбилармонлар!

      Ҳозирда туманимизда 1051 та кичик бизнес субъектлари фаолият юритмоқда. Уларнинг сони жорий йилда 368 тага кўпайиши кутилмоқда. Оилавий тадбиркорлик йўналиши кенг тус олмоқда. Йил давомида хорижий инвестиция иштирокида 3 та янги корхоналар ишга туширилиб, уларнинг сони 15 тага етди.

      Айни кунда янги, кластер тизими иқтисодиётимизга изчил равишда кириб келяпти. Туманимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган 3 та агрокластерлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Уларда йил давомида 60 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш, 15 минг тонна маҳсулотни қуритиш, 15 минг тонна маҳсулотни саралаш ҳамда 5 минг тонна маҳсулотни сақлаш имконияти мавжуд.

     Ҳудудий дастурлар доирасида 2019 йилнинг якуни билан 280 млрд. сўмлик 53 та лойиҳа амалга оширилиши ва 846 та иш ўринлари яратилиши таъминланади. Бунинг натижасида қўшимча 1,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконияти яратилади.

     Бундан ташқари, 12,1 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади.

Масалан, МЧЖ шаклидаги " Пет Агро Оил " қўшма корхонасида ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича 7,0 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари жалб этилди.

     "Азия Металл Стандарт" томонидан 3 млрд. сўм сарфланиб, нержавика темир қувурлар ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилди.

   Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастурларида асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, паррандачилик, узумчилик, чорвачилик соҳаларида 40 млрд. сўмлик 27 тага яқин лойиҳалар амалга оширилди.

      Банкларимиз томонидан тадбиркорларга жами 285 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилди, айниқса, кичик бизнес субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида “Ҳар бир оила - тадбиркор”, “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси”, “Ҳунармандчиликни ривожлантириш жамғармаси”, “Бандликка кўмаклашиш жамғармаси”,    “Ёшлар келажагимиз” давлат дастурлари доирасида 16 млрд. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

         Азми қатъий ва шижоаткор тадбиркорлар!

     Бундан буён тадбиркорликка кўмак берувчи масъул идоралар билан бир қаторда мен бошчилигимда, туман прокурори, туман ички ишлар бўлими бошлиғи, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи “Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” мезони асосида иш фаолиятимизни ташкил этамиз.

     “Эндиликда тадбиркорлар жамиятда энг асосий етакчи кучга айланиб, барча маҳаллий давлат идоралар фаолиятига баҳо бериш ҳамда уларнинг фаолияти, энг аввало, тадбиркорларнинг манфаатларига хизмат қилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатадилар”.

    Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган Тойлоқ тумани салоҳияти ва ихтисослашувидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва саноатни ривожлантириш йўлида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз.

     Бугунги кунда тадбиркорларимиз томонидан келгуси 2020 йилда  310 млрд. сўмлик 34 та лойиҳани амалга ошириш,  шундан 13 млн. доллар инвестиция киритиш ҳисобига саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

     “Ҳар бир лойиҳа шахсий назоратимиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқаришдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиздир.

      Сиз тадбиркорлар учун 2020 йилда “Боғизоғон” қишлоғида кичик саноат зонаси  ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, 25 лотлар асосидан энг илғор, иновацион саноат лойиҳалари учун, 8.9 гектар ер майдонлари ажратилади. Мазкур ҳудудда барча инфратузилма таъминоти тўлиқ йўлга қўйилади.

    Бундан буён ҳар бир соҳа ва тармоқларда ўз ташаббусига эга тадбиркорлар, жумладан, ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаймиз. Уларнинг бизнес-лойиҳаларини ишлаб чиқишдан тортиб, ишини йўлга қўйгунча кўмак берамиз.

  Бир нарсани чуқур англашимиз керак: Сизнинг лойиҳангиз –давлатимизнинг келажаги ва халқимиз фаровонлигининг кафолатидир.

     Тумандаги 4 та сектор раҳбарлари, барча бўғиндаги бошқарув ва назорат органлари тадбиркорликнинг ривожланишига халақит қилаётган  тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг кафолатларини таъминлайди.

Бунда:

    тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олиш, эндиликда давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки Сизларга фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қараймиз;

    ҳар бир тадбиркорнинг мулки дахлсиз, ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафолатланади ҳамда тадбиркорлар мол-мулки далхсизлиги таъминланади;

тадбиркорлар иштирокида турли мажлисбозликка чек қўйилади, Давлат идоралари вазифаларини тадбиркорларга юклаш ва уларни ҳомийликка мажбурлаш амалиётига бутунлай барҳам берилади.

     Ҳурматли тадбиркорлар!

    Сизлар бугун нафақат ишлаб чиқарувчи, яратувчи, бизнес олами, балки  фаол жамоатчилик вакилисиз. Сиз халқ билан бирга, халқ дарди ва қувончи билан яшайсиз.  Шу боис тадбиркор билан янада жипслашиб ишлаш, уларнинг дарди-ҳолини эшитиш, муаммоларига тезда ечим топиш асосий вазифамиз бўлиб қолади.

 

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди