ШАҲАРЛАР САРВАРИ

Тунда юлдузлар билан шивирлаб тиллашгувчи, сир-асрорларга тўлиқ суҳбатлар ила тонг оттиргувчи шаҳарлар ҳақида эшитганмисиз? Жаҳонгашта сайёҳларнинг гувоҳлик беришларича улар бир неча ўнтани ташкил этаркан. Аввалда, Бағдод-у  Бойрут, яна бири Рим, яна Шом, Яман, Адан...

  Яна бири...

Ўта берар бари, қолгай латиф ном, Улуғ аждодлардан бетимсол инъом —

   Самарқанд!

Тилга олмоқ билан вужудимиз яйрар бу қутлуғ каломни,

Не ажаб, Аллоҳ ўзи қўйган эса мундоқ сержаранг номни.

     Самарқанд!

Сўз бормикан оламда бундан-да зебо. Йўқ ва яна сўнг ҳам бўлмагай асло!

Дарвоқе, бу ёруғ оламда шаҳарлар саксон минг чоғли. Бешак, уларнинг ҳар бири ўз эли учун ардоқли. Не бахтким, она шаҳрим эрур аларнинг султони, сарвари. Етмагай божига тўққиз оламнинг зар-у зевари.

    Самарқанд!..

Тунги Кўҳакнинг сайру тамошоси бўлак. Ўайратга айланар вужудда юрак. Юлдузлар келмишлар унга яқинроқ. Кафтни  сал очсанг бас, гўё қўнурлар шу чоғ. Самовий,  куйлар борки Кўҳак осмонида жам. Юлдузлар қўшиғида фақат бир маъно ва оҳанг:

Самарқанд!

               Самарқанд!

                                Самарқанд!

Зўр байрам Сомончида – нужум ошиёнида. Сайилга чорлаган само қизлари туғёнида. Мумбайда ҳам ўшал қўшиқ, жаранг Рим осмонида. Хуш наво — фусункор борлиқнинг қонида ҳам жонида: 

 Самарқанд!

             Самарқанд!

                                Самарқанд!

Расад доманасида тўкиб виқор-у савлат, Ул Соҳиб заковат ҳам Соҳиб давлат. Мунажжим бобомнинг кўксидан фақат, тўкилар оташга йўғрилган оят:

Самарқанд!

                Самарқанд!

                               Самарқанд!

Бу янглиғ зебо ва дилбар шаҳар яна борми Рубъи маскунда. Жамолин кўриб ҳайратга тушар ҳайратнинг ўзи бунда. Анов минор кошинида Ҳайём бобомнинг жоми. Минг шерозий гўзал хол шу кошинга равоми?

Самарқанд – Арши Аълонинг она Заминга буюк инъоми. Не-не гўзал маънолар, берур  унинг мафтункор номи.

 «Самар» форсийда –офтоб, «кент» туркийда — ошиён. 

  Демак, «қуёш маскани» — эрур шаҳрим жонажон.

  «Самар» форсийда — мева, қанд-у новвот давоми,

  «Меваси—болдек тотли» — демак шаҳримнинг номи.

  «Самар» форсийда — ҳосил, «кент» — макон туркийда боз,

  Жаннатмакон шаҳримнинг ҳосилга конлиги рост.

  Мир Алишер назмида, шаҳрим — фирдавсмонанд боғ. Минг бир латиф шаҳардан, бир гумбази гўзалроқ:

  «Скандар атади Самарқанд ани,

Самарқанди фирдавсмонанд ани».*

Жаннатмакон шаҳрим,  ўзингсан  гўё — Қалб давоти* билан яралган Дунё! «Руний хат» ила битилган тилсим китоб, Не синоат, сир пинҳон, сенда, жон Афросиёб? Она шаҳрим буюклиги – сен билан тўкис асли, Оҳанрабодек тортар меҳмонни сенинг васлинг! 

    Самарқанд!

Барча оламларнинг-да, сен беназир  ҳилқати. Буюк ўзбек миллатин, ор-номуси, қудрати. Сен борсанки, элимнинг қадди ҳаргиз бўлмас дол. Сенга қўш қанот берди – не буюк Зот, Истиқлол. Интилур  Олам сенга, Темурбек пойтахти, деб. Буюкликка юз тутган, буюк халқнинг бахти, деб. Азиз-авлиёларки,  бўлур суянч, мададкор, Илло, пойингга тоабад суқилмагай хор.

   Самарқанд!  

                   Самарқанд!

                                Самарқанд!

Вужуди савту наволар бирла сархуш – Боғи Ризвон, Кўҳна мозийдан тортиқ, марварид ила маржон. Ҳожи Абдулазиз «Ушшоғи»-ла масрур Регистон. Қизларинг ёноғидек

«самарқандий ширмой нон!» 

Мағриб асирингдур сенинг, Машриқ ҳусну жамолингга лол.  Бошингга қўнди боз, ҳумо янглиғ бахту иқбол.

Сен ҳофизнинг нағмаси-ю хониши бирла этгайсен парвоз, Боз шоирнинг рангин назми ила  бўлғайсен сарафроз:  

 Ким ҳавас қилгай, ҳасад – ким, «Мен самарқандлик!» десам,

Сен сабаб қаим расодир, кўзларим мужгонисан.

Зар билан ёзмишки шоир номинг Офтоб саҳнига:   

«Сен – шаҳарлар сарвари, ҳоқонисан, султонисан!»

Абдулла НИСОРИЙ.

2015-2018 © Тойлоқ туман хокимлиги. Сайт САКТРМ томонидан ишлаб чиқилди